Линклар

logo-print

АҚШ Конгрессида Гулнора Каримованинг одам контрабандасига алоқадорлиги муҳокама қилинди


Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова.

АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Элизабет Жоунснинг Намояндалар Палатасида қилган Марказий Осиёга оид чиқиши катта қизиқиш билан тингланди. АҚШ сиёсий анъаналарига кўра, демократия ва инсон ҳуқуқлари борасида ҳукуматдан кўра кескинроқ ёндашув тутадиган Конгресс аъзолари Жоунс фикр-мулоҳазаларини нафақат қизиқиш, балки танқидий назар билан қабул қилдилар.

Муҳокамаларда Ўзбекистон, аниқроғи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов оиласи атрофидаги масалага алоҳида эътибор қаратилди. Элизабет Жоунснинг ўзи муҳокамлаларнинг савол-жавоб қисмини Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий ва унинг яқинларига оид сўнгги янгилик билан бошлади:

- Биз Мақсудийлар номларини Интерполнинг АҚШга қарашли рўйхатидан олиб ташлашга муваффақ бўлдик. Аммо Интерпол фаолият олиб бораётган бошқа мамлакатларда биз айни қарор қабул қилинишига таъсир қила олмаймиз.

Гап Ўзбекистон ҳукуматининг Интерполга юборган сўрови ҳақида кетяпти, албатта. Расмий Тошкент Мақсудийга молиявий фирибгарлик, солиқларни тўламаганлик каби айблар қўйиб, Интерполдан уни қўлга олишда кўмаклашишни сўрагани ёдингизда бўлса керак.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Элизабет Жоунс бу иш ортида сиёсий сабаблар борлигини таъкидлади:

- Ўзбекистон ҳукумати сўрови сиёсий сабабларга асосланиши бизда шубҳа уйғотмайди. Биз бу масалани Ўзбекистон ҳукумати билан муҳокама қилганмиз. Бир ярим ҳафтадан кейин Тошкентга борганимда мен бу масалани яна бир бор кўтармоқчиман.

Жоунс хонимнинг бу баёнотига сенатор Шелли Беркли муносабат билдирар экан, Мақсудийлар эндиликда АҚШнинг ичида бемалол саёҳат қила олиши, аммо бошқа мамлакатларда улар, номлари Интерпол рўйхатида бўлгани боис, тазйиққа учраётганларини айтди. Сенатор Беркли, шунингдек, АҚШ ҳукумати хорижий ҳукуматлар билан Мақсудийлар номлари Интерпол рўйхатидан олиб ташланиши масаласини муҳокама қилиши зарурлигини урғулади:

- Мен Давлат Департаментини бундай қилишга чақираман. Чунки бу нафақат Ўзбекистон Президенти томонидан ҳокимиятнинг суистеъмол қилиниши мисоли, бу нафақат сиёсий, балки шахсий масала экани ҳам шубҳасиз. Интерполдан бундай мақсадда фойдаланишга йўл қўймаслик керак.

Шу билан бирга Сенатор Беркли Гулнора Каримова одам контрабандасига алоқадорлиги масаласига тўхталиб, ўзбекистонлик аёлларнинг фоҳишалик учун Бирлашган Араб Амирликларига олиб чиқилаётганида Гулнора фаол қатнашаётгани ва бу ишдан даромад олаётгани ҳақида ташвишли маълумотлар борлигини тилга олди. Сенатор, шунингдек, Давлат котиби ёрдамчисидан АҚШ ҳукумати бу масала юзасидан нима қилаётганини сўради.

Элизабет Жоунс Гулнора Каримованинг аёллар контрабандасига алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни куни кеча олгани ва уни ўрганаётганини айтар экан, қарийб 10 кундан сўнг Тошкентга қиладиган сафари чоғида Ўзбекистон расмийлари билан ушбу масалани ҳам кўтаражагини билдирди:

- Гулнора Каримованинг ўзи одам контрабандасига киришгани ҳақида мен кечагина эшитдим. Мен дарҳол Давлат Департаментининг одам контрабандаси бўйича экспертларидан масалани ўрганиб чиқишни сўрадим. Маълумот тасдиқланса, тегишли чора кўрамиз.

Шу билан бирга Элизабет Жоунс одам контрабандасига чек қўйиш масаласи Ўзбекистон расмийлари билан муҳокама қилинганини айтди:

- Биз Ўзбекистон ҳукумати учун ҳал этилиши лозим бўлган масалалар рўйхатини тайёрлаганмиз. Рўйхатда одам контрабандаси масаласи ҳам бор. Бизнингча, ҳозирча Ўзбекистондан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётганлар сони унча катта эмас. Бироқ биз Ўзбекистон ҳукуматига муаммо кўлами катта бўлмаса-да, унга жиддий эътибор бериш кераклигини айтиб келяпмиз.

Бунга жавобан Сенатор Шелли Беркли Гулнора Каримова ширкати орқали чет элга фоҳишалик қилиш мақсадида олиб чиқилган аёлларнинг ёзма кўрсатмалари борлигини айтди:

- Менда Ўзбекистон Президенти қизи томонидан фоҳишалик қилиш учун хорижга олиб чиқилган аёлларнинг ёзма кўрсатмалари бор. Истангиз, уларни сизга ҳам тақдим этишим мумкин.

Сенаторнинг бу таклифини АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Элизабет Жоунс қабул қилди ва маълумотларни ўрганиб чиқиб, Тошкент сафари чоғида масалани Ўзбекистон расмийлари билан муҳокама этишини айтди.
XS
SM
MD
LG