Линклар

logo-print

Фуқаролар уйлари таъмирлаб берилишини талаб қилмоқда


Тўлқин 30 октябр куни "Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик компанияси биносини мазкур компанияга қарашли уй-жойларда яшовчи бир гуруҳ фуқаро пикет қилди.

Маълумотларга қараганда, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2003 йил 29 августдаги қарорига кўра компанияга қарашли 161 та кўп қаватли уй шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилган. Пикетчилар мана шу уйларнинг капитал таъмирдан чиқарилишини талаб қилмоқда. Уларнинг айтишича, бу уйлар таъмирлангандан сўнггина ҳокимлик тасарруфига ўтказилиши керак.

Норозилик акцияси қатнашчиларининг сўзларига қараганда, бу уйларнинг аксарияти ўтган асрнинг 30-50-йилларида қурилган бўлиб, шу вақтгача умуман таъмирланмаган.

«Хароб ҳолга келиб қолган бу биноларнинг таъмирлангани ҳақида ҳужжатлар мавжуд. Аммо бу иш учун ажратилган маблағлар бошқа мақсадларга сарфланган», дейди пикетчилар «Озодлик» мухбири билан суҳбатда.

Шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, компания мазкур уйларни капитал таъмирлаш учун ҳокимлик ҳисобига 800 миллион сўм, қозонхона, иссиқлик ва коммунал-муҳандислик тармоқларини тартибга келтириш учун 650 миллион сўм ажратиши зарур. Аммо пикетчилар бу маблағ шунча уйни таъмирлашга етмаслигини айтмоқда.

Пикетчилар "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси раиси Раматов билан учрашишни талаб қилган бўлса-да, улар ҳузурига раис ўринбосари Шукуров чиқди.

Шукуровнинг айтишича, компания капитал таъмир учун маблағ ажратган ва уйларни таъмирлаш босқичма-босқич амалга оширилади.

Пикетчиларни бу жавоблар қониқтирмади. Улар ажратилган маблағнинг ўзлаштирилиб кетилишидан хавотирда эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG