Линклар

АҚШ Конгрессида Марказий Осиё муҳокамалари (2-қисм)


Фарангис Саид

Жаҳоннинг кўпгина бошқа минтақалари каби Марказий Осиё ҳам одам контрабандаси муаммосига юз тутмоқда. Элизабет Жоунс ўз чиқишида мана шу масалани алоҳида ёритди. Уни тинглаган Конгресс аъзолари, илгарги дастуримизда айтиб ўтганимиздек, эътиборни муаммо кўлами ва ушбу ноқонуний фаолиятга ҳатто Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримованинг алоқадорлигига оид айрим маълумотларга қаратдилар. Айни вақтда АҚШнинг одам контрабандасига чек қўйиш мақсадида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги масаласи муҳокама қилинди.

- Биз минтақа давлатларининг ҳар бири билан ушбу муаммога қарши курашда яхши ҳамкорлик қиляпмиз. Ўзбекистон ҳукумати каби, бошқа ҳукуматлар билан ҳам ҳамкорлик мавжуд, - дея маълум қилди Элизабет Жоунс.

Айни вақтда у одам контрабандасига қарши курашда АҚШ нафақат минтақа ҳукуматлари, балки нодавлат ташкилотлари билан ҳам ҳамкорлик қилаётгани ва улар учун маблағ ажратаётганини айтиб ўтди.

Конгрессменлар одам контрабандасига қарши курашни минтақавий ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмаслигига алоҳида урғу берар эканлар, АҚШ Давлат Департаменти расмийсидан бу борада Марказий Осиёда нима қилинаётгани ҳақида сўрадилар.

- Энг катта муаммолардан бири – айнан минтақавий ҳамкорлик даражаси бўлиб, АҚШ Давлат Департаменти уни ривожлантириш мақсадида катта иш олиб бормоқда.

Шундай дер экан, Элизабет Жоунс хоним, одам контрабандасига қарши курашда АҚШ ва минтақа давлатлари олдида турган муаммолардан бири – контрабандачиларни қўлга тушириш эканини айтди. Айни вақтда расмий одамлар қайси йўл билан хорижга олиб чиқилишини аниқлаш қийинлигини эътироф этиб, шу боис ҳозирга қадар ҳеч бир контрабандачи қўлга туширилмаганини билдирди.

АҚШ Давлат Котиби ёрдамчисининг чиқиши Марказий
Осиёда Россиянинг ролига оид саволларни ҳам келтириб чиқарди.

Хусусан, Сенатор Питц Россия ўзининг Марказий Осиёдаги ролини қайта тиклаш ва минтақани ўз таъсир доирасига қайтаришга уринаётгандек кўринаётган бир пайтда АҚШнинг Марказий Осиё ва Россияга нисбатан сиёсати қандай бўлиши кераклиги ҳақида савол берди. Элизабет Жоунс бунга жавобан:

- Биз Россия билан АҚШнинг Марказий Осиё минтақасига нисбатан сиёсати, роли ва мақсадлари хусусида кенг ва фаол мулоқот олиб борамиз. Бу мулоқотда шаффофлик ниҳоятда муҳим. Ҳозирда мулоқот жараёнига АҚШ Давлат Котиби муовини Ричард Армитэж, Россия томонидан эса Ташқи ишлар вазири муовини Трубников бошчилик қиляптилар. Сўзлашувлар расмий бўлиб, улар йилига икки марта ўтказилади. Айни вақтда кўплаб бошқа учрашувлар ва муҳокамалар бўлиб ўтади.

Шундай дер экан, Элизабет Жоунс ҳозирда АҚШ ва Россиянинг Марказий Осиё нисбатан манфаатларида уйғунлик кузатилаётганини эътироф этиб, умумий мақсад – аксил-террор кураш эканини таъкилади.

АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Элизабет Жоунснинг Марказий Осиёга оид чиқиши қизғин мубоҳасалаларга туртки берди. Қатнашчилардан бири, сенатор Жэнклоу саволини шу ерда келтирмоқчимиз:

- Мен бугунги чиқишингизни яна бир бор кўздан кечириб чиқдим. Чиқишингиз якунида сиз Марказий Осиёда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни тилга олгансиз. Аммо амалда минтақанинг беш давлати кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Фоҳишалик гуллаб-яшнамоқда, минтақавий савдо тўхтаб қолган, сув заҳиралари устида можаролар мавжуд, парчаланган инфратузилмани қайта тиклаш зарур, диндорлар репрессия қилинмоқда. Бундай вазиятда АҚШ ҳақиқатан ҳам тўғри йўл тутяптими? Оддий одамлар, яъни халқ АҚШни дўст сифатида қабул қиляптими ёки респрессив ҳукуматлар шериги деб, АҚШга нафрат билан қарамоқдами?

Сенаторнинг бу саволига Элизабет Жоунс:

- Йўқ, аксинча. АҚШнинг минтақадаги имиджининг шаклланишида нафақат ҳукуматларга кўрсатилаётган техникавий ёрдам рол ўйнайди. Энг муҳими АҚШ ҳукуматининг фуқаровий жамият ва эркин матбуотнинг вужудга келишида нодавлат ташкилотлари ҳамда инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўрсатаётган ёрдамидир. АҚШ кўмагисиз ушбу гуруҳлар фаолият олиб бора олмас эди.

Шундай дер экан, АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Элизабет Жоунс “АҚШ Марказий Осиёни ўз ҳолига ташлаб, у ердан чиқиб кета олмайди, мен бу режани ҳеч қачон қўллаб-қувватламайман”, деб, Вашингтон минтақа билан ҳамкорликни давом эттириши кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG