Линклар

Покистон Афғонистон билан чегараларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

  • Ҳасанжон

Покистонлик чегарачи совет даврида ишлаб чиқарилган дурбин орқали Афғонистон билан бўлган узун, кенг, чанг-тўзон кўтарилган чегарани кузатади. Унинг асосий вазифаси “Ал-Қайда” ва толиблар жангариларини Покистон ҳудудларига ўтказмаслик.

АҚШ етакчилигидаги аксил-террор кампанияси доирасида Покистон Афғонистон чегарасидан одамлар ҳар икки томонга назоратсиз ўтишининг олдини олиш учун янги постлар қуряпти, ҳандақлар кавлаяпти ва ноқонуний қурилган биноларни бузиб ташламоқда. Шунга қарамай, Афғонистонда қатор террор ҳужумлари уюштирилиб, юзлаб одам қурбон бўлганидан сўнг, Кобул расмийлари Покистонни чегарани қўриқлашда етарли чора кўрмаётганликда айблади.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай яқинда Британияга сафари чоғида мамлакатда дуч келинаётган терроризм хавфи ҳақида шундай деди: “Биз ҳали ҳам қийинчиликларга дуч келяпмиз. Биз ҳали ҳам муаммоларга дуч келяпмиз. Кураш ҳали олдинда. Биз терроризмни енгган бўлсак-да, уларни мамлакатдан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлган бўлсак-да, улар ҳокимиятдан ағдарилган бўлса-да, улар ҳали ҳам атрофда яшириниб юрибдилар. Улар ҳали ҳам шу ерда. Терроризм ва экстремизм ҳали ҳам ҳаётимизга таҳдид солмоқда”.

Покистоннинг жануби-ғарбий вилояти расмийлари Афғонистон билан бўлган 1 минг 200 км узунликдаги чегарани қўриқлаш учун маблағ етишмаслигини айтадилар. 19 асрда чўлу-биёбон ва тоғларда белгиланган икки давлат ўртасидаги чегара Покистоннинг чегара ҳудудларида яшовчилар учун шунчаки оддий бир чизиқ. Улар асрлар давомида Покистон ва Афғонистон ҳудудларига бемалол, хоҳлаган пайтларида ўтганлар ва хоҳлаганда ортга қайтганлар.

“Одамлар чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтмаётганига 100 фоиз имонимиз комил бўлиши керак. Бунинг учун биз кўп иш қилдик. Чегара жуда узун бўлгани учун яна кўп ишлар қилиниши лозим. Бундан ташқари бизга маблағ етишмайди. Гапириш осон, аммо бажариш қийин ”,- дейди Покистон ҳарбийлари матбуот котиби генерал-майор Шуҳрат Султон.

Афғонистон ва Покистон чегараси 1893 йилда, ўша пайтда Британия колонияси бўлган Ҳиндистон ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги келишувга биноан, Паштун уруғлари ҳудудлари орқали ўтган. Паштунлар ва кўчманчи элатларга чегарани кесиб ўтишга рухсат берилган. Давлат чегараси улар учун шунчаки харитадаги бир чизиқ эди.

1980 йилларда Афғонистонга бостириб кирган Совет қўшинларига қарши курашда Покистон АҚШ ҳомийлигидаги афғон мужоҳидларининг асосий базасига айланганида, чегарани кесиб ўтиш анъанаси янада кучайди. Аммо 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирилганидан кейин вазият бутунлай ўзгарди.

АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари толибларни ҳокимиятдан ағдарганидан кейин, улар Ал-Қайда тармоғига мансуб дўстлари билан бирга Покистоннинг чегара ҳудудларига қочиб ўтдилар. Ҳозирда эса Покистон ҳукумати уларнинг фаолиятини тўхтатишга уринмоқда.

Покистоннинг Чегара полициячилари бошлиғи Садоқат Али Шоҳга кўра, барча қийинчиликларга қарамасдан, Покистон ҳукумати Афғонистон билан чегаранинг 90 фоизига ўз назоратчиларини қўйишга муваффақ бўлган.
XS
SM
MD
LG