Линклар

logo-print

Ўзбекистон демократлари Крейг Мюррейни қўллаб-қувватламоқда


Шайбон 31 октябрь куни Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида ушбу мамлакат элчиси Крейг Мюррейни қўллаб-қувватлаш мақсадида йиғин уюштирилди.

Айрим манбаларда Буюк Британия элчиси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини танқид қилгани учун ўз юртига чақириб олингани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Шу боис Ўзбекистондаги айрим кучлар айни вазиятда элчини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпти.

Йиғин иштирокчилари орасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва «Эрк» демократик партияси аъзолари, оддий фуқаролар бор эди.

Йиғин қатнашчиларининг айтишича, бу акция М.Ардзинов ва тарафдорлари 29 октябрь куни мазкур элчихона олдида ўтказган норозилик пикетига жавоб сифатида ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси М.Ардзинов ва унинг тарафдорлари К.Мюррейнинг фаолиятидан норозилик билдирган эди.

Йиғин қатнашчиларининг сўзларига қараганда, К.Мюррей Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мамлакатда фаолият юритаётган элчилар орасида энг фаолидир. М.Ардзиновнинг элчини қоралаб, айтган гаплари эса ҳақиқатдан йироқ, деди улар.

Йиғин қатнашчилари элчихона маъмурларига К.Мюррейни ёқловчи қўшма баёнот топширди.

Буюк Британия элчихонаси олдида ўтган акция ҳар сафаргидек ҳуқуқ-тартибот органларининг фуқаро кийимидаги ходимлари эътиборида бўлди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси терроризм ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Олег Бичемов ҳам шу ерда ҳозир бўлди.

О.Бичемовнинг «Озодлик» мухбирига айтишича, ҳар қандай давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёнида кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилмоғи лозим.

Унинг сўзларига қараганда, йиғилганлар орасида элчихонага нисбатан бирор ноқонуний ҳаракат содир этиш ниятидаги кишилар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Биз ана шундай воқеалар содир этилишининг олдини олиш учун келганмиз, деди О.Бичемов.

Аммо йиғин давомида ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатлар содир этилмади.
XS
SM
MD
LG