Линклар

Ўзбекистонда ер қачон хусусийлаштирилади?

  • Садриддин Ашур

Қозоғистон ва Қирғизистонда ер хусусийлаштирилган. Бироқ Ўзбекистонда бу жараён ҳали ҳам бошлангани йўқ.

Ўзбекистонда ер фермер ва ширкат хўжаликларига 50 йилгача муддатга ижарага берилади. Аммо шунга қарамай, кузатувчиларнинг айтишича, деҳқонларнинг моддий турмуши яхши томонга ўзгармаётир. Ердан яхши даромад олаётган саноқли фермерларни айтмаса, аксарият ўзбек деҳқонлари ҳозир оғир иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.

Шу боис мамлакатда ерни хусусийлаштириш тарафдори бўлган фуқаролар сони ортиб боряпти. Яқинда ана шундай фуқаролардан 35 нафари «Демократлар давраси» нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббус гуруҳи раиси Шуҳрат Аҳмаджонов бошчилигида Ўзбекистон Президентига ерни хусусийлаштиришни бошлаш таклифи билан мурожаатнома ёзди. Ташкилот аъзоларининг фикрича, деҳқонларнинг ҳозирги оғир аҳволига сабаб собиқ колхоз-совхоз тизимининг ширкат хўжалиги шаклида сақланиб қолаётгани, уларнинг ўз маҳсулотини эркин сотиш ҳуқуқидан маҳрумлигидир.

Ш.Аҳмаджоновнинг айтишича, айни пайтда амалдорлар ўз қариндошлари ва таниш-билишлари билан биргаликда фермер хўжаликларини ташкил этиш баҳонасида ерни бўлиб олмоқда. Бу жараён яна бир неча йил давом этса, юз минглаб деҳқонларнинг томорқасидан бошқа ҳеч нарсаси қолмайди ва хонавайрон бўлади.

Тошкент вилояти фермерларининг «Заминдор» жамоат бирлашмаси раиси Абдураҳмон Ҳосиловнинг айтишича, мамлакатда ерни хусусийлаштириш мумкин. Аммо буни шошмасдан, жуда оқиллик билан амалга ошириш керак. Чунки аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ерни бўлиш жуда катта муаммо, дейди А.Ҳосилов.

Унинг сўзларига қараганда, ер бўлиб берилгандан сўнг маълум вақт ўтгач, ерда ишлаш лаёқати бўлмаган одамлар аста-секин бошқа соҳага ўтиб кетади. Ер эса ундан фойдалашишни билган кишилар қўлида тўпланади.

Техника фанлари доктори , профессор Суннатулла Сулаймоновнинг фикрича, ерни узоқ муддатга ижарага бериб, деҳқонга ўзи хоҳлаган экинни экиш, маҳсулотини эркин сотиш ҳуқуқини қонунийлаштириш лозим.

«Демократлар давраси» ташаббус гуруҳи аъзолари ерни хусусийлаштириш юзасидан Президентдан ижобий жавоб олмаса, шу масалада референдум ўтказиш учун зарурий 400 мингта имзо йиғишни бошлаш режасини тузмоқда.
XS
SM
MD
LG