Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:23

ШҲТ аъзолари терроризмга қарши жиддий курашмоқчи


Тўлқин

31 октябр куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтакавий аксилтеррор тузилмасининг биринчи мажлиси бўлди. Мажлисда ташкилотга аъзо давлатлар – Хитой, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг махсус хизматлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот бўлими тарқатган маълумотга кўра, ШҲТ хартиясига асосан Минтақавий аксилтеррор тузилма доимий фаолият кўрсатувчи орган ҳисобланади. Унинг бош қароргоҳи Тошкентда жойлашади.

Хабарларга қараганда, мажлисда 2004 йил 1 январдан тўлиқ фаолият бошлайдиган ушбу тузилмага оид ташкилий масалалар кўриб чиқилган. Хусусан, тузилма кенгашининг раиси лавозимига Қирғизистон Республикаси вакили сайланган. Тузилма ижроия қўмитаси директори лавозимига эса Ўзбекистон вакили Вячеслав Қосимов номзоди маъқуллаган. У 2004-2006 йилларда ушбу лавозимда фаолият кўрсатиши белгиланган.

Шунингдек, мажлисда тузилмадаги бошқа лавозимларни тақсимлаш жадвали ҳам тасдиқланган. Ўзбекистон МХХ матбуот хизмати раҳбари Олимжон Тўрақуловнинг сўзларига қараганда, ушбу жадвалда қайси давлатга нечта ўрин берилгани ва бу лавозимларга кимлар тайинлангани матбуот учун ошкор этилмаган.

Унинг айтишича, мажлисда мазкур тузилма доирасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, ижроия қўмитанинг асосий иш вазифалари ҳам муҳокама этилган.

О.Тўрақуловнинг «Озодлик» мухбирига билдиришича, Минтақавий аксилтеррор тузилманинг навбатдаги мажлиси 2004 йилнинг биринчи ярмида Тошкентда ўтказилади.
XS
SM
MD
LG