Линклар

Термиз-Ҳайратон кўприги расман очилади


Зикрилло Ишонч Афғонистон транспорт вазири Сайид Муҳаммад Али Жовий бошчилигидаги делегация бир ҳафталик расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.

Хабарларга қараганда, делегация Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, «Ўзавтойўл» давлат концерни ва бошқа бир қанча идоралар вакиллари билан музокаралар ўтказган. Ушбу музокаралар натижаси ўлароқ бир неча ҳужжат имзоланган.

Жумладан, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдул Самаднинг «Озодлик» мухбирига маълум қилишича, томонлар транспорт алоқалари бўйича ваколатхоналар очишга келишиб олган. Келишувга кўра, Афғонистоннинг бундай ваколатхонаси Термизда, Ўзбекистонники эса Мозори шарифда очилади. Мазкур ваколатхоналар Термиз-Ҳайратон кўприги орқали ўтадиган йўловчи ва юк транспорти қатновини мувофиқлаштиради.

Элчи ушбу кўприк стратегик жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг айтишича, толиблар ҳокимияти ағдарилгандан сўнг Афғонистонга Ҳайратон кўприги орқали тахминан 2 миллион тонна халқаро инсонпарварлик юклари етказиб берилган. Ҳайратон кўприги Марказий Осиё ва Европадан Покистон, Ҳиндистон, Жанубий Осиё мамлакатларига ва аксинча йўналишда тижорат моллари етказиб берилишида муҳим аҳамиятга эга.

Абдул Самаднинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон томони Ҳайратондан Мозори шарифгача бўлган 67 километр масофада темир йўл қуришда ёрдам кўрсатмоқда. Умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳада АҚШнинг қурилиш компанияси ҳам иштирок этмоқда. Мазкур темир йўлни келажакда Саланг довонигача узайтириш режалаштирилган.

Элчининг билдиришича, Афғонистон делегацияси ўтказган музокаралар натижасида 1996 йилдан буён ёпиб қўйилган Термиз-Ҳайратон кўпригини жорий йилнинг 10 ноябрида расман очишга келишиб олинган.

Элчи Ўзбекистон Афғонистонга бир гуруҳ ҳайдовчи-механик, учувчи ва экипаж аъзолари тайёрлаб беришни ҳам зиммасига олганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳозирданоқ ўн нафар афғонистонлик тренинг курсларида қатнашмоқда.

Абдул Самад музокаралар чоғида Тошкент-Кобул йўналишида ҳаво қатнови очиш учун тегишли ҳужжатлар Ўзбекистон томонига топширилганини айтди.

Элчининг сўзларига қараганда, келгусидаги музокараларда яна бир неча ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Хусусан, Ўзбекистондан Афғонистон шимолига электр энергияси етказиб бериш, бу мамлакатда йўл ва кўприклар қуриш мўлжалланган.

«Озодлик» мухбири Афғонистон делегациясининг Ўзбекистонда бўлиши тўғрисида маълумот олиш мақсадида бир қанча ташкилотларга мурожаат қилди. Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзавтойўл» концерни, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий компанияси ва бошқа ташкилотлар бу тўғрида маълумот беришни истамади.
XS
SM
MD
LG