Линклар

УКРАИНЧА ШАРҚ ва ҒАРБ БАҲСИ

  • Сарвар Усмон

Украина парламенти яқинда қабул қилган қонунда мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари - газеталарда, телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришларда ҳамда кўчаларга ўрнатиладиган тахталарда рекламалар Украинанинг давлат тили - украин тилида бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилди. Қонунга биноан, давлат тилидан бошқа тилда эълон қилинадиган реклама ҳақи давлат тилидагидан 4 баравар қиммат бўлиши лозим.

Бир ой муқаддам қабул қилинган мазкур қонуннинг танқидчилари реклама фақат украин тилида бўлмаслиги керак, чунки республика аҳолиси украинлардангина иборат эмас, демоқдалар.

Украинадаги Славян партияси лидери Александр Базелик ўзи яшайдиган минтақада рекламанинг фақат украин тилида берилишини талаб қилиш бу ердаги вазиятни билмаслик ёки атайлаб билмасликка олишдир, деган фикрни билдиради.

- Украинанинг шарқий вилоятларида одамлар украин тилини жуда ёмон билишади. Ва мана шундай вазиятда газеталардаги рекламалар украин тилида чиқса, уни тушуниб олиш учун ҳеч ким луғат титиб ўтирмайди. Янги қонун реклама берувчиларнинг манфаатларига зиддир, улар рус тилидаги рекламасини украин тилига кўчириш учун яна сарф-ҳаражат қилишларига тўғри келади, - дейди Александр Базелик.


Бироқ, Украинанинг реклама бозорига алоқаси бор кишиларнинг баъзилари украиналик руслар вакилининг фикрига қўшилмайдилар.

Украина пойтахти Киевда жойлашган, иши юришиб турган KAS реклама компанияси украин тилида реклама материаллари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади. Ширкат раҳбари Сашко Ковтоненко ўз маҳсулотларини давлат тилида реклама қилган мижозларининг кам бўлмаётганликларини таъкидлайди.

- Маҳсулотларини украин тилида реклама қилаётган компаниялар қаторида, масалан, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари билан савдо қилувчилар ҳам бор. Улар Украина бозорида муваффақият билан ишлаяптилар ва рекламаларини давлат тилида тарқатганлари учун бирон қийинчиликка учраганларини билмайман, - дейди киевлик рекламачи.

Маҳсулотлари ва хизматларини украин тилида реклама қилувчи ширкатлардан яна бири UMC мобил телефон компаниясидир. Ширкат раҳбари Андрий Хундер рекламасини украин тилида бергани ва аҳоли орасида мижозлари оз эмаслигини таъкидлайди.

Товарлар ва хизматлар рекламасини давлат тилига кўчириш ҳақидаги янги қонун Украинанинг давлат тили атрофидаги баҳс-мунозаралар яна бир бор авж олишига туртки берди.

Мамлакатнинг собиқ Совет Иттифоқига 1944 йили қўшиб олинган ғарбий минтақаларида украин тили позициялари кучли бўлса, шарқий вилоятлари аҳолиси аввал Чор Россияси, сўнгра Совет Иттифоқи таркибида рус тилининг кучли таъсири остида бўлди.

Мамлакат 1991 йили мустақилликка эришгач, Украинада украин тилига давлат тили мақоми берилди. Бироқ шарқий вилоятларда руслар аҳолининг 10 фоизи атрофидагина бўлишига қарамай, давлат тилини жорий қилиш анча қийин кечмоқда. Бу ҳудудларда рус тилига Украинанинг иккинчи давлат тили мақомини бериш талаби билан чиқмоқдалар.

Украиналик руслар бундай талабларни қўяр эканлар, уларга расмий Москва ҳам далда бўлмоқда. Масалан, ўтган ойда Россия Ташқи Ишлар вазирининг муовини Элеонора Митрофанова собиқ совет республикаларида рус тилига иккинчи давлат тили мақомини бериш керак, деган баёнот билан чиққан эди.
XS
SM
MD
LG