Линклар

logo-print

“ДАСТУР БОР. ЭНДИ СИЁСИЙ ИРОДА КЕРАК”.

  • Сарвар Усмон

Марказий Осиё мамлакатларида давлат тили мақомига эга тиллар аҳволи тўғрисидаги туркум мақолаларимизнинг аввалги иккитаси қирғиз ва туркман тилларига бағишланган бўлиб, ундан қирғиз тили ўзининг қонуний мақоми даражасига етолмаётгани, туркман тили эса, аксинча, Туркманистоннинг идора тилига айлангани ҳақида маълумот бергандик.

Қозоғистоннинг давлат тили - қозоқ тили билан боғлиқ муаммолар Қирғизистоннинг давлат тилиникига ўхшаш. Қозоқ тили жонкуяри, филология фанлари доктори Азимбай Ғали мухбирингизга берган суҳбатида бошқа собиқ совет республикаларида бўлгани каби Қозоғистонда шўролар даврида ҳам қозоқ тили республиканинг давлат тили ҳисобланар эди.

- Бироқ, мазкур муаммога жиддий ёндашув 80 йилларнинг охирларига тўғри келди ва Совет Иттифоқи тарқаб кетиши арафасида қозоқ тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисида қонун қабул қилинди. Лекин, совет даврида бир-иккита туманни истисно қилганда, бутун республика бўйлаб иш фақат ва фақат рус тилида юритилгани учун давлат тили тўғрисидаги қонунни амалга ошириш ўта қийин кечмоқда, - дейди доктор Азимбай Ғали.

Қозоғистон Давлат Котиби Иманғали Тасмағанбетовнинг сентябрнинг сўнгги кунида Остонада давлат тили масалаларига бағишланган махсус мажлисда қилган чиқишида айтганлари доктор Азимбай Ғалининг гапларига қўшимча бўлиши мумкин. Давлат Котибига кўра, шу кунда мамлакатнинг 4 вилоятидагина иш қоғозлари давлат тилида юритилади. Марказий ижроия ҳокимияти органлари ҳужжатларининг 17 фоизигина давлат тилидадир.

Шу ўринда яна бир-икки рақам келтирамиз.

Расмий маълумотларга қараганда, шу кунда республика аҳолисининг 60 фоизга яқини қозоқлардан иборат.

Суҳбатдошимиз берган маълумотларга қараганда,
бу йил Қозоғистондаги ўрта мактабларни тахминан 200 минг ўқувчи битирди. Шунча битирувчининг 150 минг нафари таълимни қозоқ тилида олган. Бироқ, айни пайтда олий ўқув юртларида ўқиш асосан рус тилида олиб борилади. Сўнгги йилларда олий ўқув юртларида дарсларни давлат тилида олиб бориш юзасидан муайян ишлар қилинди, бироқ, бу етарли эмас.

Хўш, қозоқ тили ўзининг қонуний юксак даражасига нима учун кўтарила олмаяпти? Доктор Азимбай Ғалининг фикрича:

"давлат тилини давлат ва жамоат ташкилотлари тилига айлантириш йўлидаги барча ҳаракатлар республикада озчиликни ташкил қилувчи руслар ва рус тилида сўзлашувчиларнинг қаршилигига учрамоқда".

Суҳбатдошимизнинг гапларида жон йўқ эмаслигига биргина мисол келтирамиз. Бояроқ эслаганимиз, давлат тили масалалари бўйича 30 сентябр куни Остонада махсус йиғилиш бўлиб ўтиши биланоқ, қозоғистонлик Сергей Волков деган муаллиф Gazeta.kz да ўша йиғилишни ва унда кўтарилган масалани масхараомуз кесатиқлар билан шарҳлади.
Волковга кўра, қозоқ тилини давлат тили сифатида ривожлантириш бўйича давлат дастури йўқ.

Шу ҳақда ҳам сўрадик доктор Азимбай Ғалидан:

- Давлат тилини ривожлантириш бўйича давлат дастури бор, бироқ уни амалга ошириш учун етарли ҳаракат қилинмаяпти, - дейди суҳбатдошимиз, - бироқ, ҳали кўп ишлар қилиш мумкинлиги ва кераклигига ишонамиз. Бунинг учун фақат мамлакат раҳбарларидан сиёсий ирода талаб қилинади.

30 сентябр куни давлат тили масалаларига бағишланиб Остона шаҳрида бўлиб ўтган махсус йиғилишда Қозоғистон Республикаси Давлат Котиби Иманғали Тасмағанбетов 2008 йилгача барча вилоятларда иш қозоқ тилида юритила бошлайди, деб баёнот берди. Йиғилишда қабул қилинган қарорга биноан, мамлакат Маданият вазирлиги қошида Давлат тилини ривожлантириш масалалари билан шуғулланувчи қўмита очилади.
XS
SM
MD
LG