Линклар

Ироқ ва Афғонистонни қайта тиклаш лойиҳаларида қатнашиш ҳуқуқи нега фақат Америка ширкатларига берилди?

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқ ва Афғонистонни қайта тиклаш борасидаги 8 миллиард долларлик лойиҳаларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган АҚШ ширкатлари Оқ уй раҳбари Жорж Бушнинг сайлов олди кампанияларини қўллаб-қувватлаб қувватлаган ширкатлардир. АҚШ ҳукумати ичкарисидаги вазиятни ўрганувчи ва бу борада жамоатчиликка маълумот берувчи Вашингтондаги тадқиқот маркази шу ҳақда маълумот тарқатди.

Марказ ижрочи директори Чарлз Луис бу борадаги ҳисоботни тақдим этар экан: "Демократия ва мамлакат манфаати йўлида жамоатчилик бу шартномалар тақдири ҳақида билишга ҳақлидир. Умид қиламанки, Бош ҳисоб-китоб идораси бу борада чуқур текширув ўтказади", - деб қайд этди.

Олдинроқ, айрим демократлар 2 миллард 300 миллион долларлик лойиҳада иштирок этиш ҳуқуқи АҚШ вице-президенти Дик Чейни бир вақтлар раҳбарлик қилган "Халлибертон" ширкатига берилгани юзасидан эътироз билдирган эдилар. Айрим, кузатувчилар Буш маъмурияти тендер жараёни федерал идоралар учун узоқ давом этиши мумкинлигини рўкач қилиб, Ироқ ва Афғонистонни қайта тиклаш бўйича шартномаларда қатнашиш ҳуқуқини Америка ширкатларига берган дейишмоқда. Чарлз Луисга кўра, бу каби шартномалар қатор саволларни туғдирмоқда. Ҳусусан, тендерда қатнашган кампаниялар таниш-билшичилик, ошна-оғайничилик асосида танланмаганми, ғирромликка йўл қўйилмадимикин, деган саволлар ҳозир жавобсиз қолмоқда.

Ироқ ва Афғонистонни қайта тиклаш борасидаги 10дан ортиқ йирик шартнома "Халлибертон" ва "Бектел" каби бир вақтлар АҚШ ҳукумати аъзолари ва конгрессменлар ишлаган ширкатларга берилгани шундай гумонларни юзага чиқарди. Вашингтондаги ҳукумат ичкарисидаги вазиятни ўрганувчи ва бу борада жамоатчиликка маълумот берувчи тадқиқот маркази ҳисоботида АҚШ ҳукуматига қарашли вазирликлар ва шатнома пудратчилари ўртасида яқин алоқа ўрнатилгани ҳақида сўз боради.

Аммо, АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучер бундай гумонлар асоссиз эканини ва барча шартномалар шаффоф тарзда амалга оширилаётганини таъкидлайди.

"Жараёнга объектив қарайдиган бўлсак, у очиқ, шаффоф ва ҳукумат талабига мувофиқ тарзда амалга оширилмоқда", - деди Баучер.

АҚШ Давлат Департаменти мулозими шунингдек, "Халлибертон" ва "Бектел" ширкатларини ҳам кучли танқидлардан ҳимоялар экан, бу ширкатлар хорижда ишлаш бўйича катта тажрибага эга эканликлари боис лойиҳаларни амалга ошириш уларга топширилганини таъкидлади. Айтиш жоизки, "Халлибэртон" ширкати Кўрфаз урушидан сўнг Кувайтда қатор нефт қазиб олиш лойиҳаларига жалб этилган эди. Аммо, Чарлз Луис "Халлибертон" ва "Бектел"дан ташқари хорижда фаолият олиб бора оладиган бошқа ширкатлар ҳам борлигини қайд этади.

"Бизнес жамоаси, пудратчилар орасида бу жараён адолатсиз амалга ошмоқда деган фикр бор. Мен ҳам сайёрамизда фақат шу икки ширкат бор холос деган фикрдан йироқман. Бу жуда кулгили ва айни пайтда хақоратомуз иддао".

Луис бошлиқ марказ тадқиқотлари шунингдек, Ироқ ва Афғонстонни қайта тиклашга жалб этилган 70га яқин АҚШ пудратчилари Бушни 2000 йилги сайловолди кампаниясида қўллаб-қувватлаган ширкатлар эканини кўрсатмоқда. Бу эса навбатдаги президентлик сайловлари арафасида жиддий саволлар туғдирмоқда.
XS
SM
MD
LG