Линклар

logo-print

А. Арол 25 октябрда товламачилик ва катта миқдорда солиқ тўламаганликда айбланиб қўлга олинган Михаил Ходорковский душанба куни "Юкос" нефт ширкати раҳбари лавозимидан истеъфо берди. Аммо у ширкатни қонуний йўллар билан ҳимоя қилиш истагида эканини билдирди.

Ходорковский билан боғлиқ вазиятни кузатиб бораëтган таҳлилчилар фикрича, росииялик олигарх сайлов кампаниясида Президент Владимир Путинга қарши ўз номзодини қўйиши мумкин. Президентлик сайловлари эса келаси йил март ойига белгиланган.

"Moscow Times" газетаси муҳаррир Брадли Коокнинг Озодлик радиосига айтишича, Ходорковский президентлик сайловларида қатнаша олиш учун "Юкос" раҳбарлигидан истеъфо берган.

"Бизнингча, у президентлик сайловларида қатнашади. Аммо уни 30 декабрга қадар қамоқда ушлаб туришлари мумкин", - деди Коок.

Ходорковскийга яқин манбаларга кўра, у ҳар қандай вазиятда чора топа олишга қодир шахсдир.

Айрим кузатувчиларга кўра, Ходорковский истеъфоси "Юкус"га ҳужумларни кучайтириши мумкин. Бироқ бошқа кузатувчилар Ходорковский айнан ширкатни ҳимоя қилиш мақсадида, унинг раҳбари лавозимидан кетишга қарор қилганини айтишмоқда. Янги раҳбар этиб АҚШ фуқароси тайинлангани ҳам айни мақсадни кўзламоқда.

Айни пайтда Россия Молия Вазири Алексей Кудрин "Юкос" масаласи мамлакат иқтисодиëтга зарар етказмаслигини баëн қилди.

Россия ичида ва Ғарбдаги кўпгина кузатувчилар Ходоровский сиëсий сабабларга кўра қамоққа олинган, деб ҳисобламоқда. "Юкос" раҳбари қамоққа линишидан уч ҳафта олдин берган интервюсида, 2008 йилда 45 ëшга тўлганида ўзининг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишни режалаштираëтганини ва ундан кейин жамоатчилик ишлари билан шуғулланишини айтган эди.

Душанба кунги баëнотида Ходорковский 2001 йили ташкил этилган "Очиқ Россия" сиëсий ташкилотининг раҳбари бўлиб қолишини билдирди.

Ходоровскийнинг ҳибсга олиниши ортида қандай омиллар бор деган саволимизга америкалик россияшунос Доналд Женсен, бунга ҳам сиëсий ҳам иқтисодий масалалар сабаб бўлганини таъкидлади.

"Масалани жиноий томони шундаки, Россиядаги тадбиркорларнинг кўпчилиги, жумладан Ходорковский ўтган 10 йил давомида, айниқса, 1990 йиллар бошида ўз ширкатини ташкил этганидан кейин ғайриқонуний фаолиятлар билан шуғулланган".

Женсеннинг таъкидлашича, Ходорковский билан боғлиқ масаланинг сиëсий томони шундан иборатки, Россияда ҳар қандай йирик тадбиркорни ҳам қонунбузарликда айблаб жиноий жавобгарликка тортиш мумкин. Бошқа кўплаб қонун бузар тадбиркорлар орасида айнан Ходорковский ҳибсга олинишининг ўзи сиëсий сабаб, деб талқин қилинмоқда.

Хабарга кўра, Ходорковский масаласи уч кунлик ташриф билан Москвага борган Исроил Бош Вазири Ариэл Шарон томонидан ҳам кўтарилади.

Маълумотларга кўра яна бир россиялик олигарх Роман Абрамвичга қарши ҳам яқин орада жиноий иш қўзғотилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG