Линклар

Фаррошликка кун қолмасин...


Феруза Фаррошлар Ўзбекистон аҳолисининг энг кам маош оладиган тоифасига киради.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда мамлакатда энг кам иш ҳақи беш ярим минг сўмни (5,5 АҚШ доллари атрофида) ташкил этади. Ўзбекистонда ўртача кун кечириш учун бу маошнинг етмаслиги кундек равшан. Ўзбеклар орасида эса шундай кам иш ҳақига кўниб ишлаётганлар кўпчиликни ташкил этади.

“Фаррош бўлиб ишлайман, ойлигим беш ярим минг сўм, - дейди “Озодлик мухбирининг суҳбатдошларидан бири. Йўлкирага деб яна уч минг сўм қўшиб беришади. 10 фоиз мукофот пули билан ойига жами тўққиз минг сўм оламан. Шу пулга бешта болам билан кун кечираман”.

Фаррош аёлнинг айтишича, Ўзбекистондаги давлат корхоналарида фаррошлик қиладиган барча аёлларнинг қисмати шу. Бу пул уларга соғлиғи тўғрисида қайғуриши у ёқда турсин, тўйиб овқатланишига етмайди.

Психологларнинг сўзларига қараганда, фаррошларнинг болалари ҳам доимо руҳий тушкунлик кайфиятида бўлади. Чунки жамиятда фаррошларга паст назар билан қараш, уларни менсимаслик иллати мавжуд. Бу, албатта, уларнинг болаларига қаттиқ салбий таъсир ўтказади.

Тошкентдаги болалар боғчаларининг бирида ишлайдиган тарбиячининг айтишича, фаррошларнинг болалари руҳиятида ўзини бошқалардан кам тутиш, хўрланиш, эзилишни ҳис этиш ҳолатлари боғча ёшиданоқ шакллана бошлайди.

“Мен ойимнинг кўча супириши, пол артишини хоҳламайман, дейди фаррош аёлнинг фарзанди. Болалар ойимнинг иши учун мени масхара қилади. Ойимнинг бошқалар қатори чиройли кийиниб юришини, яхши ишда ишлашини истайман”.

Кузатувчиларнинг фикрича, нодавлат ташкилот ёки қўшма корхоналарда фаррошлик қилувчи аёллар ўзларини кўп ҳам эзилган ҳис қилмайди. Чунки улар унча-мунча олий маълумотли шахслардан яхшироқ маош олади. Бироқ арзимас ойлик учун ишлаётган ўзбек аёллари пул топишнинг бошқа йўли қолмагани сабабли шундай камситилиб яшашга мажбур бўлмоқда.

Бир зиёлининг айтишича, бу аёлларнинг энг катта фожеаси фарзандларининг порлоқ келажаги ҳақида орзу қила олмаслигидир.
XS
SM
MD
LG