Линклар

logo-print

Қашқадарёда чорва моллари касалланмоқда


Фирдавс Маълумотларга қараганда, Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудларида чорва моллари орасида касаллик тарқаган. Маҳаллий аҳоли бу касаллик оқсим эканини айтмоқда.

Бироқ вилоят ветеринария бошқармасининг юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Хайрулла Шоймардонов қорамоллар орасида оқсим тарқаганини рад этди. Унинг айтишича, шу кунларда Қарши туманининг “Намуна”, “Истиқбол” хўжаликларида оддий стоматит касаллиги тарқалган. Унинг белгиси оғизнинг яллиғланиши ва қизаришидир.

Бироқ, хабарларга қараганда, туманнинг бошқа хўжаликларида ҳам чорва моллари касалланаётгани аниқланган. Кишилар молларнинг оғзидан сув оқиб, тили айланмай қолаётгани, туёқлари ораси шишиб кетаётганини айтмоқда.

Маълумки, 2001 йилда Европа давлатларида оқсим тарқалиши натижасида катта иқтисодий зарар кўрилган эди. Ўша вақтда Ўзбекистон расмийлари мамлакатда оқсим йўқлиги, у охирги марта 1990 йилда кузатилгани тўғрисида баёнот берган эди.

Аммо маҳаллий аҳоли чорва моллари орасида оқсим умуман йўқолиб кетмаганини эътироф этади. Уларнинг айтишича, илгари бу касаллик оммавий равишда тарқамаган. Бироқ ҳозир Қашқадарёда чорва молларининг касалланиш ҳолатлари кўпайган.

Аҳоли касалликка чалинган молнинг оғзини марганцовка билан ювиш, туёқлари орасига керосин тўкиш йўли билан даволаётган экан. Ҳали мутахассислар ёки ветеринарлар чорвани оммавий эмлагани, қаттиқ назоратга олиб, текширув ўтказганига гувоҳ бўлмадик, дейди аҳоли.

Хабарларга қараганда, Қашқадарёда сўнгги кунларда санитария-эпидемиология назорати маркази, ветеринария бошқармаси, божхона, милиция органлари олдига вилоят ҳудудига оқсим касаллиги кириб келишининг олдини олиш тадбирларини кўриш талаби қўйилган. Расмийлар бунинг сабабини Тожикистонда оқсим, ичбуруғ, Афғонистонда оқсимнинг баъзи турлари тарқалгани боис кўрилаётган эҳтиёт чораси сифатида изоҳлади.
XS
SM
MD
LG