Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:31

Айрим Исроил ҳарбийлари ҳукуматнинг Фаластин сиёсати борасида норози эканини билдирмоқда.


Исроил ва фаластинликлар ўртасида узоқ йиллардан бери давом этаётган низо оқибатида ҳар икки томон кўплаб талафотлар кўрмоқда. АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва Россия ишлаб чиққан ва “Йўл ҳаритаси” деб аталувчи янги тинчлик режаси ҳам шу пайтгача жиддий натижа бермади.

Исроил ўз хавфсизлигини таъминлаш шиори остида Фаластин ерларида ҳарбий амалиётлар ўтказмоқда. Бу тадбирларда фаластинликлар қурбон бўлмоқда. Ўз навбатида, фаластинлик ҳудкушларнинг ҳужумлари натижасида бегуноҳ исроилликлар ҳам нобуд бўлмоқда. Натижада, Ариел Шарон бошчилигидаги Исроил ҳукумати фаластинликларга қарши Ғарбий Соҳил ва Ғазода кескин чоралар кўрмоқда. Айтиш лозимки, Исроил ҳукуматининг жорий сиёсати кейинги пайтларда Исроил сиёсий доираларида кўплаб бахсу-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Шу жумладан Исроил армияси ичида ҳам Шарон сиёсатидан норози бўлган ҳарбийлар ҳам бор.

Хусусан Исроил армияси генерал-лейтенанти Моше Яалон яқинда журналистлар билан учрашуви чоғида Бош вазир Ариел Шарон Фаластин ерларида олиб бораётган сиёсатини очиқ танқид қилди. Сентябр ойи охирида 27 исроиллик ҳарбий учувчи Фаластин ҳудудларида амалиётлар ўтказишдан бош тортган эди.

Кузатувчилар фикрича, ҳарбийларнинг очиқдан-очиқ Шарон сиёсатини танқид қилаётганига қарамай Исроил ҳукумати ушбу сиёсатни ўзгартирмайди. Чунки Шарон вазиятни қаттиқ назорат қилиб турибди ва унга на ўз партияси ичидан ва на ташқаридан жиддий тахдид бор.

Яалон журналистларга, ўтган ой Хайфадаги ресторанда уюштирилган бомба ҳужумидан кейин Фаластин ерларида комендантлик соати ҳамда бошқа чекловлар жорий этилгани - бегуноҳ фаластинликларга зиён етказаётгани, улар тушкунликка тушишлари, шунингдек, фаластинликларнинг Исроилга нисбатан нафрати ошишини айтган. Яалонга кўра, бундай тактика Исроилнинг терроризмга қарши олиб бораётган курашида фойда бермайди, балки Исроил манфаатига зарар келтиради. Бошқа томондан Шин Бет хавфсизлик кучлари бошлиғи фаластинликларга нисбатан кўрилган чораларнинг юмшатилиши исроилликларга қарши кўпроқ ҳудкуш ҳужумлари уюштирилишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Кўринишидан, Исроил армияси генерали Моше Яалоннинг танқиди таъсир этган. Чунки якшанба куни Ғарбий Соҳилда Исроил ҳарбийлари 15 минг фаластинлик ишлаш учун Исроил ҳудудига ўтишга ҳамда жамоа транспортидан фойдаланишга руҳсат берди.

Лондонда чиқадиган араб тилидаги нуфузли “Ал-Ҳайят” газетасининг Москва бюроси бошлиғи Жабр Райд Озодлик радиосига берган интервюсида Яалоннинг танқиди Шарон сиёсат олиб бораётганидан дарак эканини айтади: “Ўйлайманки, бу Ариел Шарон олиб бораётган сиёсат нотўғри эканини кўрсатувчи белгилардан бири. Террор ҳаракатлари давом этиб, жиддий бўҳрон юзага келгани учунгина аксарият исроилликлар сўнгги икки-уч йилда Ариел Шаронни қўллаб-қувватлаб келмоқдалар”.

Исроил армиясининг Фаластин ерларидаги ҳарбий амалиётлар Исроил – Фаластин музокараларига қандай таъсир этиши мумкинлиги ҳақида сўралганида Жабр Райд: “Ҳар қандай ҳарбий амалиёт – тинчлик ўрнатиш ташаббусларини маълум муддатга ортга суради. Ҳар доим шундай бўлиб келган”, - дейди Жабр Райд. Унга кўра, Исроил ҳарбийлари ҳужумидан бир оз ўтиб фаластинлик радикал гуруҳлар қўлига қурол олади, Исроил фуқароларига қарши фаластинлик ҳудкушлар ҳужумлари янада кўпаяди.

Яқин Шарқ минтақасида зўравонликларга барҳам бериш ва тинчлик ўрнатиш истиқболларига тўхталган “Ал-Ҳайат” вакили: “Менимча, агар исроилликлар музокаралар столи олдига ўтира оладиган мўътадил ҳукумат аъзоларини сайлай олсаларгина, тинчликка эришиш мумкин”, - деб сўзини якунлади.
XS
SM
MD
LG