Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:05

Грузия сайловлари: ким ғолиб?


Фарангис Саид Маълумотларга кўра, 2 ноябрги сайловларнинг дастлабки натижаларидан норозилик билдириб, сешанба куни Тбилиси кўчаларига 10 минг одам чиққан. Мухолифат тарафдорлари бўлмиш намойишчилар сайлов натижалари сохталаштирилганига қаршиликларини ифодаладилар.

Грузия мухолифати лидери, дастлабки расмий маълумотларга кўра, тўпланган овозлар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллаган Миллий Ҳаракат етакчиси Михаил Саакашвили Президент Эдуард Шеварднадзедан истеъфога чиқишни талаб қилди:

- Биз Президентни мағлубиятини тан олиб, истеъфога чиқишга чақирамиз.

Эдуард Шеварднадзе мухолифат лидери талабини рад этиб, қатъий талаблар қўймасликни сўради:

- Мен истеъфомни талаб қилишларига ўрганиб қолганман. Лекин ҳеч ким менга дўқ-пўписа қила олмайди. Ҳамма давлатга қарши ҳаракат, албатта, қонунга кўра жазоланишини яхши билиши лозим. Аммо мен буни истамайман, биз ҳаммамиз бирга ишлашимиз зарур.

Шундай дер экан, Грузия раҳбари мухолифат билан мулоқот бошлашга тайёрлигини маълум қилди.

Марказий сайлов қўмитаси овозлар ҳисоб-китобини ҳамон тугатгани йўқ. Дастлабки натижаларни маълум қилган Қўмита сайловларда Шеварднадзега қарашли “Янги Грузия учун!” блоки ғалаба қозонганини таъкидлади.

Саакашвили эса сайловлар ғолиби деб “Янги Грузия учун!” блоки эмас, балки Миллий Ҳаракат эълон қилиниши кераклигини айтмоқда.

АҚШдаги “Глобал Стрэдижи Групп” деб номланган мустақил кузатувчилар гуруҳи сайловларга оид маълумотларни эълон қилди. Уларга кўра, кўпчилик овоз айнан Саакашвили раҳбарлигидаги Миллий Ҳаракатга берилган.

Бундай маълумотнинг эълон қилиниши, ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги зиддиятнинг кучайишига олиб келди.

Парламент сайловлари натижаларининг ҳақиқатан ҳам ҳукумат иштироки ва босими остида сохталаштирилгани, бунинг учун ҳақиқатан ҳам Президент Эдуард Шеварднадзе масъул экани тахмин қилинса, шу ўринда бир савол туғилади. Парламентда кўпчилик ўринни айнан ўз тарафдорлари эгаллаганидан Президент Шеварднадзе қандай фойда кўради? Тахминлар тўғри бўлса, нима сабабдан катта салоҳият ва ҳокимиятга эга Шеварднадзе мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги имиджига путур етказиб, бундай ноқонуний қадамларни қўйди?

Бу хусусида фикр билдирар экан айрим кузатувчилар, 76 ёшлик Президент Эдуард Шеварднадзе келаси сайловларда ўз номзодини қўмасликни ваъда қилганини эслатиб, демак, бу сафарги парламент сайловлари ғолиби келаси президентлик сайловларининг энг қудратли номзоди бўлади, демоқдалар. Бошқа кузатувчилар эса, Грузиядаги келаси президентлик сайловларида, худди Россияда Борис Елцин Владимир Путинни, Озарбайжонда эса Ҳайдар Алиев ўғли Илҳомни тайинлагани каби, Президент Шеварднадзе ҳам ўз меросхўрини белгилайди, деб ҳисоблашмоқда.

Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда грузиялик эксперт, Тбилисидаги Стратегик ва Халқаро Тадқиқотлар Жамғармаси Вице-президенти Темур Якобашвили бу хусусида фикр билдирар экан, бугунги кунда Шевардандзе учун парламентдаги кўпчилик ўринларга ўз тарафдорларини ўтқизиш муҳим эмас, деб айтади:

- Энг асосийси - Шеварднадзе бугунги кунда Парламент устидан назорат ўрнатиши керакми, деган саволдир. Менимча, Шеварднадзенинг ҳеч бир мақсади йўқ-ки, мақсадга эришишда Парламентдаги кўпчилик ёрдам берса. Парламент томонидан Шеварднадзе сиёсатига зид бўлган қонунларнинг қабул қилинмаслиги - энг муҳимидир. Фикримча, Шевардандзе бундай қонунлар қабул қилинишининг олдини олиш учун муайян қадам қўя олади.

Темур Якобашвили каби кўпгина бошқа мутахассислар Шеварднадзе жуда тажрибали сиёсатчи эканини эътироф этиб, бугунги кунда ниҳоятда кескинлашаётгандек кўринган бу сиёсий ўйинда унинг ғалаба қозониши муқаррар, дейишмоқда.

Тбилисилик журналист Михаил Вигнанский Шеварднадзенинг сиёсий қобилияти ҳақида шундай дейди:

- Мен кеча Шеварднадзе иштирокидаги матбуот анжуманида қатнашдим ва бир нарсага эътибор бердим. Шеварднадзе ўз мухолифлари билан тил топиш учун етарлича сиёсий донишмандликка эгалигини айтди. Албатта, буни инкор этиб бўлмайди. У дўстларни душманга, зарурат бўлганида эса, душманларни дўстга айлантиришга жуда уста.

Демак, Эдуард Шеварднадзе учун ўз сиёсий тажрибаси ва қобилиятларини яна бир бор синаш учун имкон бор. Чунки чоршанба куни сайлов натижаларидан норози бўлганлар яна Тбилиси кўчаларига чиқдилар. Мухолифат лидерларидан бири, “Буржанадзе-Демократлар” деб номланган гуруҳ етакчиси Нино Буржанадзе:

- Биз ўз овозларимиз учун курашамиз. Биз мамлакатимиз келажаги учун курашамиз. Биз ҳукумат ва президент истеъфосини талаб қиламиз, - деб баёнот берди.
XS
SM
MD
LG