Линклар

Бюллетень чиқаргани учун судга берилди


Шайбон Самарқанд вилояти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббус маркази раҳбари Комилжон Ашуров ахборот бюллетени чиқаргани учун судга тортилди.

Ушбу марказ чиқарган бюллетенда, асосан, вилоятдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият, суд жараёнлари, мактаб ўқувчиларининг мажбуран пахта теримига жалб этилиши, одамларнинг ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари ва ҳоказолар тўғрисида маълумотлар бериб борилади. Маълумотларга қараганда, К.Ашуров раҳбарлигида чиқарилган бюллетень самарқандликлар орасида катта шуҳрат қозонгани расмийларга ёқмай қолган.

Бироқ расмийлар оммавийлиги ва ёритилаётган мавзулар туфайли бюллетенни ёпишга уринганлигини рад этмоқда. Самарқанд вилояти матбуот бошқармаси вакили Маҳмуд Эралиевнинг айтишича, марказ қонуний равишда рўйхатдан ўтмагани сабабли ахборот бюллетени чиқаришга ҳам ҳаққи йўқ. Шу боис марказ раҳбари Комилжон Ашуров судга тортилган.

К.Ашуровнинг сўзларига қараганда, у Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 218-моддаси (ОАВ маҳсулотларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва тарқатиш) бўйича айбланиб, 16 минг 320 сўм жаримага тортилган.

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти Сиёб тумани жиноят ишлари бўйича суди хулосасига таяниб айтиладиган бўлса , расмийлар марказ бюллетенини оммавий ахборот воситаси сифатида баҳоламоқда.

Аммо, Комилжон Ашуров фикрича, ҳеч қайси давлатда ахборот бюллетени ОАВ ҳисобланмайди. Агар Ўзбекистон ОАВ тўғрисидаги қонун бўйича олиб қаралганда ҳам биз бюллетенни қонунга зид равишда чиқармаётганимиз аён бўлади, деди К.Ашуров.

Комилжон Ашуров бюллетень бўйича чиқарилган суд қарорини аппеляция тартибида кўриб чиқиш талаби билан вилоят судига мурожаат қилиш ниятида. Шунингдек, мамлакатдаги бир қанча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам Комилжон Ашуровни қўллаб-қувватлаш учун турли тадбирлар ўтказишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG