Линклар

Қарорга илова ҳолва эмас


Шайбон Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақида»ги 418-қарори бир қанча халқаро ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, ушбу қарорга илова сифатида қабул қилинган маҳаллий ОАВни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақидаги низом халқаро меъёрларга зиддир.

Низомга кўра, «газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва уларнинг иловалари, ахборот агентликлари, телевидение ва радио, электрон ахборот алоқалари» оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда уларнинг барчаси Матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Низомда бюллетенлар тўғрисида ҳам эслатиб ўтилгани маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари тинчини бузмоқда. Чунки уларнинг жуда кўпчилиги ўз бюллетенига эга. Яқинда улардан бири - Самарқанд вилояти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббус маркази бюллетени, марказ раҳбари Комилжон Ашуров ибораси билан айтганда, ушбу низом қурбони бўлди. Унинг таъкидлашича, низомдан мақсад инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг ахборот бюллетени чиқаришига монеълик қилишдир.

“Демократик ташаббус” маркази раиси Искандар Худойберганов бу низомга қарши курашиш лозимлигини, у қонунга, Конституцияга зид ҳужжат эканини билдирди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнернинг эътирофича, бюллетенларни рўйхатдан ўтказиш бир неча босқичда амалга оширилса, бу моддий имконияти ҳаминқадар ташкилотларга жиддий таъсир кўрсатади. Бу эса бюллетенларнинг чиқмай қолишига ёки хуфёна тарқатилишига олиб келиши мумкин, деди у.

“Озодлик” мухбири ушбу низомда бюллетень деганда қандай ахборот воситаси назарда тутилган, деган савол билан Матбуот ва ахборот агентлиги вакилига мурожаат қилди. Унинг айтишича, давлат ва нодавлат ташкилотларининг сотувга чиқадиган ва тарқатиладиган босма маҳсулотлари бюллетень ҳисобланади. Корхона, ташкилот, маъмурий органлар, ўқув юртларининг ичида тарқатиладиган босма маҳсулотларга эса алоҳида рухсатнома берилган бўлиб, улар бюллетень саналмайди, деди агентлик вакили.

Агентлик вакили маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат жамиятларининг бюллетенлари ҳам рўйхатдан ўтказилиши лозимлигини маълум қилди.

Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашича, халқаро меъёрларга кўра инсон ҳуқуқлари жамиятлари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар томонидан ҳисобот тарзида чоп этилаётган бюллетенлар рўйхатдан ўтказилмайди ва улар эркин чоп этилиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига илова низом эса айни эркинликларни чекламоқда, дейди улар.
XS
SM
MD
LG