Линклар

Журналистлар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ҳимоя қилди


Шайбон 6 ноябрь куни Ўзбекистон телерадиокомпанияси олдида икки нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси норозилик акцияси ўтказди. Улар Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилди.

Акция иштирокчилари – Елена Урлаева ва Абдужалил Бойматовнинг айтишича, ушбу норозилик чиқишида элликдан ортиқ фуқаро қатнашиши кутилган эди. Улар телевидение олдидан Президент девони томон норозилик юриши уюштиришни мўлжаллаганди. Аммо номаълум сабабларга кўра аксарият кўпчилик акция жойига етиб келмади.

Е.Урлаева ва А.Бойматовнинг сўзларига қараганда, улар ўз талабларидан телевидение журналистлари ва шу ердан ўтадиган одамларни огоҳ этишни ният қилган эди.

Воқеа жойини ҳуқуқ-тартибот органларининг фуқаро кийимидаги элликдан ортиқ ходими ўраб олди. Улар акция қатнашчилари қўлидаги плакатларни бир неча марта юлиб олди. Шунга қарамай, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз талабларини бошқа қоғозга ёзиб, акцияни давом эттирди.

“Озодлик” мухбирига маълум бўлишича, воқеа жойига етиб келган журналистларга ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан таҳдидлар содир этилган. Ҳатто “Франс-пресс” ахборот агентлиги вакиласи Галима Бухорбоева ва “Би-Би-Си” радиоси мухбири Қудрат Бобожоновга куч ишлатилган. Бу икки журналист Е.Урлаевага куч ишлатмоқчи бўлган милиция ходимининг йўлини тўсишга ҳаракат қилган эди.

Акция иштирокчилари тахминан соат 11 ларда тинчгина тарқалди.

Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги Террорчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Илья Пегай журналистлар учун брифинг уюштирди. У ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва журналистлар ўртасидаги тушунмовчиликда норозилик акцияси иштирокчиларини айблади. Аммо бўлиб ўтган нохуш ҳолатга сабаб бўлган омилни, яъни иштирокчиларнинг плакатлари милиция ходимлари томонидан юлиб олинганини тан олди.

Унинг айтишича, Е.Урлаеванинг плакатида ҳукумат истеъфоси ва таъқиблар тўхтатилиши каби ноўрин (!) сўзлар битилгани туфайли плакат юлиб олинган. Бироқ уларга қарши зинҳор куч ишлатилгани йўқ, деди И.Пегай.
XS
SM
MD
LG