Линклар

ЯНГИ РОССИЯНИНГ ЭСКИ ШИОРИ

  • Сарвар Усмон

Постсовет халқларининг янги авлоди билмайдиган собиқ империянинг собиқ байрами, советча атамани ишлатар бўлсак, Улуғ Октябр Инқилобининг 86 йиллиги нишонланиши мумкин бўлган шу кунларда, айтиш мумкинки, Россияда яна бир инқилоб давом этмоқда. Тўғри, бу инқилоб пайтида Қишки Саройга ҳеч ким ҳужум қилаётгани йўқ. У ерда замонавий Оқ Пошшонинг яқинда танланган вакили хотиржам ўтирибди. "Аврора" крейсери эса, занг босиб ётибди. Унинг пилта милтиқчалик кучи йўқ бугун.

Рақамларда иш кўп. Эътибор берар бўлсангиз, уларда сиру синоат яширинлигига иқрор бўласиз.
86 йил муқаддам, эскича усул билан 25 октябрдан 26-инчига ўтар кечаси, "Экспроприатрларнинг мулкини экспроприация қиламиз", деган шиор билан Қишки Саройга ҳужум қилинганди.

Орадан 86 йил ўтгач, 25 октябрдан 26-инчига ўтар кечаси Кремлнинг кўзига экспроприатр бўлиб кўринган Михаил Ходорковский "Матросская Тишина" қамоғига тиқилди.

Номлардаям сир бор. 83 йил муқаддам МАТРОС Железняк Таъсис Мажлисини тарқатиб юборган эди. Бугун эса Ходорковский "МАТРОСская Тишина"да ўтирибди.

Айтишадику, тарих такрорланиб туради, деб...

Мана энди, ўша Ходорковский иши билан боғлиқ баъзи сўнгги хабарлар.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро Amnesty International ташкилотидан Михаил Ходорковскийни сиёсий тутқин, деб тан олишни сўради. Бу ҳақдаги мурожаатномани имзолаганлар орасида Андрей Сахаровнинг беваси Елена Боннер, Давлат Думаси депутати Сергей Ковалёвлар бор.

Россиянинг АҚШдаги элчиси Юрий Ушаков ЮКОС нефт ширкатига нисбатан кўрган чоралари туфайли Россия ҳокимиятини АҚШ сенатори МакКейн кескин танқид қилгани учун норозилик билдирди. Куни кеча АҚШ Сенатида қилган чиқиши чоғида сенатор МакКейн ЮКОС ширкати атрофида бўлаётган можарога баҳо берар экан, "Россияда демократик кучлар ва бозор иқтисодиётига қарши тўнтариш юз бермоқда", деган эди.

Михаил Ходорковскийнинг қамалишига ундан аввалроқ қувғинга учраган бошқа бир олигарх - Борис Березовский ҳам муносабат билдирди.

Шу кунда Буюк Британияда сиёсий қочқин мақоми билан яшаётган Березовский "Дейли Телеграф" нашрининг 6 ноябр сонида бир мақола эълон қилди.

Битикларининг бошида жаноб Березовский 6 ноябр куни Италия пойтахтида бошланган Россия-Европа Иттифоқи саммитини эслаб, учрашув чоғида Ғарб давлатлари нафақат Ироқ ва NATO билан боғлиқ масалаларни, терроризмга қарши кураш масалаларини, балки Владимир Путиннинг Россиядаги демократик институтларга қарши курашини муҳокама қилиши лозим, деб ёзади.

Шу ўринда, Россия президентининг саммит арафасида Италия пойтахтида қилган баёнотига эътибор қаратсак.

- Давлат ўз олдига фақат тартиб ўрнатишни, жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам жорий қоунларга биноан ишлашларини таъминлашни мақсад қилиб қўяди, - деди Россия Президенти.

Кузатувчилар Римда Путин нутқидаги оҳанглар бироз юмшаб қолганлигини, ЮКОС ширкатидан нефт қазиб олишга берилган лицензияни тортиб олишга қарши эканлигини айтганини таъкидлаяптилар.

Борис Березовскийнинг мақоласига қайтамиз.

"Дейли Телеграф"да эълон қилган мақоласида Березовский кейинги йили бўладиган Россия- Европа Иттифоқи саммитида Путин қатнашмайди, чунки аксилдемократик давлат қуриш йўлидан бораётгани учун россияликлар уни қайта сайламайдилар, деб ёзади. У Россия конституциясини ҳурмат қиладиган барча партияларни, улар хоҳ сўлчи, хоҳ ўнгчи бўлсинлар, бирлашишга чақиради.

"Менимча, - деб ёзади Березовский, - партиялар декабрда Давлат Думасига бўладиган сайловларда қатнашмасликлари лозим".

Унинг фикрича, фақат шундай йўл билан Путиннинг ҳокимияти ғайриқонуний эканлиги таъкидланган бўлади.

Березовскийдан яна бир кўчирма: "Ҳаракатни шу кунда қилиб қолиш лозим, яна тўрт йил орқага ташланадиган бўлса, бу муддатни Сибирда ўтказишга тўғри келади".

Шу ўринда "Дейли Телеграф"да берилган яна бир мақолага эътиборингизни жалб қилмоқчиман.

Газета мухбирининг Москвадаги мухбири Жулиус Страусс Россия пойтахтида турли доираларда билдирилаётган фикрларга таяниб хабар қилишича, Ходорковскийдан кейин энди навбат Роман Абрамовичга келадиганга ўхшайди.

Тингловчиларимизга Чукотка губернатори Роман Абрамовичнинг Англиянинг "Челси футбол" клубини сотиб олганини эслатсак ўринли бўлар.

Газетанинг хабар қилишича, Россия прокуратураси Абрамовичнинг "Сибнефт" компанияси акцияларини сотиб олиш тафсилотларини ўрганиб чиқиш бўйича сўров олганларини тасдиқлаганлар. Демак, энди Бош прокуратура Абрамовичнинг ишини ўргана бошлайди.

Агар фақат Парвардигорнинг ўзи беайб эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Бош прокуратуранинг Абрамович фаолиятидан албатта айб топишини тахмин қилиш мумкин.

Айтишадию излаган топади, деб.

Хуллас, 17 йилги Октябр тўнтаришига 86 йил тўлган шу кунларда Россияда яна бир социал инқилоб давом этаяпти. Шиор ўша ўша -"Экспроприатрлар мулкини экспроприация қилиш".
Фақат бу шиор ҳеч қаерда ёзилмаган. Ҳеч ким овоз чиқариб айтмаяпти.
XS
SM
MD
LG