Линклар

ГУЛНОРА КАРИМОВАНИНГ ТАДБИРКОРЛИГИ: "ГУЛНОРАНИНГ ОЛТИН КОНИ"


Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримованинг хусусий корхонаси Revi Holdingнинг ижроия директори Фарҳод Иноғомбоев билан ўтказилган ва "Гулнора Каримованинг тадбиркорлиги", деб номланган туркум радиосуҳбатларнинг биринчи қисми матнини Сизнинг эътиборингизга аввалроқ ҳавола қилган эдик. Уни саҳифамиз архивидан топишингиз мумкин. Қуйида Фарҳод Иноғомбоев билан ўтказилган радиосуҳбатнинг навбатдаги қисми матнини эълон қилаяпмиз. Унда сўз президент қизининг олтин ишлаб чиқариш саноатига алоқаси тўғрисида сўз боради.


Бошловчи: Ассалому алайкум.

Иноғомбоев: Ассалому алайкум.

Бошловчи: Фарҳод, суҳбатимизни давом эттирсак. Яқинда матбуотда Ўзбекистоннинг Ғужумсойидаги олтин кони Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтказилган ширкат - United International Group тарафидан назорат қилинади, деган маълумотлар пайдо бўлди. Сиз бунга аниқлик кирита оласизми?

Иноғомбоев: Ростдан ҳам бир неча кун аввал Ўзбекистон ҳукумати тарафидан бир хабар эълон қилинган. Самарқанд вилоятидаги янги олтин конларидан бири – Ғужумсой Бирлашган Араб Амирликларининг ширкати - United International Group га берилди, унинг сармоялар лойиҳаси 25 миллион долларлик экани айтилган. Ғужумсой олтин конининг ҳозирга қадар исботланган депозитлари, 60 тоннадан ортиқ олтини бор, дейилади у хабарда. Битта нарсаси қизиқки, Ўзбекистон ҳукумати бу ширкатни Бирлашган Араб Амирликларининг тажрибали, олтин излаб топишда дунёда машҳур компанияси, деб тақдимот қилган. Лекин буни мен биламан, мен билан ишлаган одамлар билади, кейин яна қолаверса, август ойида “Financial times”га интервью берганимда шу фирма ҳақида қисқа маълумот берган эдим. United International Gpoup ростдан ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа эркин иқтисодий савдо ҳудудида жойлашган. Фирманинг соҳибаси, юз фоиз эгаси - Гулнора Каримова.

Бошловчи: Фарҳод, фирманинг юз фоизлик эгаси Гулнора Каримова деяпсиз. Хўш, бунга бирор бир исботингиз борми?

Иноғомбоев: Менда бу фирманинг лицензияси бор. Мен айтганимдек, бу фирма ўтган йили Шаржада май ойида ташкил қилинган. Буни истаган одам Шаржага бориб, свободный экономический зонанинг маъмуриятидан бу тўғрида маълумот олса бўлади. Мен ўйлайман, улар ҳеч бир тўсиқсиз беради бу маълумотни.

Бошловчи: Фарҳод, мана шу Ғужумсой олтин кони қандай қилиб Гулнора Каримованинг қўлига ўтди? Тендер ўтказилдими ёки бирор бир қарор чиқдими?

Иноғомбоев: Бошида ҳеч қанақа тендер бўлмаган. Шу Ғужумсой тўғрисида Гулнорага кимлардир маслаҳат берган. Мана шунақа янги тилла кони бор бу ёқда. Ўшани қўлга олса бўлади деган. Гулнора билан бирга ишламайдиган, лекин яқин танишлари Гулнорага маслаҳат берган. Гулнора United International Group орқали менга хат ёздирган Ўзбекистон давлат геология қўмитасига. Шу хат орқали кейин озгина босим ўтқазган. Госкомгеологиянинг раисига, мана шу жойни берасан, деб туриб олган. Кейин мен ўйлайман, Госкомгеология биз тендер қилган эдик, бошқа компанияларга ҳам таклиф қилган эдик, лекин уни United International Group га бердик, деб хабар берган. Лекин аслида ҳеч қанақанги тендер бўлмаган. Уни хат орқали, кейин Госкомгеологияга босим орқали олган. Гулнорадан бошқа бу жойни олишни истаган фирмалар ҳам бўлган. Мен эшитганман, Ньюмонт олмоқчи бўлган, кейин яна қанақадир Канаданинг компанияси Айвент холл деган компания ҳам олмоқчи бўлган бу жойни. Лекин натижада барибир Гулноранинг қўлида қолди бу жой.

Бошловчи: Кон истиқболлари нимадан иборат ва нега айнан Гулнора Каримова худди шу конни қўлга киритишни истаб қолди?

Иноғомбоев: Биласизми, мен бундан олдин айтганимдек, Гулнорадан ташқари яна бу кон билан қизиққан иккита-учта ташкилотларни биламан. Чунки улар ҳам бошида Гулнорага мурожаат қилган эди, иложи бўлса мана шу жойни олиб берсанг, деб. Чунки буларнинг қизиқишига асос бор. Чунки Госкомгеологиянинг ўзи чиқиб айтди, беш-ўн кун олдин берган хабарида, аниқ ҳозирги кунда топилган депозитлари 60 тоннадан ортиқ тилла. Энди буни ҳозирги бозор нархида санаб кўринг, қанақа бўлади. Бу нимани билдиради, бунинг келажаги агар ҳақиқий инвестор ривожлантирса, ўша жойдан тилла топаман деса, бунинг обьёмлари жуда катта бўлади.

Бошловчи: Гулноранинг мақсади нима?

Иноғомбоев: Гулноранинг мақсади, мен у билан ишлагандаги тажрибадан кўряпман, Гулноранинг механизми жуда ҳам аниқ. Давлатдан бепул, текинга, баъзи ҳолларда жудаям-жудаям арзон нархда давлатдан қанақадир босимлар орқали тортиб олади. Кейин уни ҳақиқий инвесторга, чет эллик инвесторга жудаям катта суммага, миллион-миллион пулларга сотиб юборади.

Бошловчи: Конни қанчага сотиб олди Гулнора Каримова ва қанчага сотиши мумкин? Қанча миқдорда фойда кўриши мумкин? Шу ҳақда рақамлар келтирсангиз.

Иноғомбоев: Тушундим. Қанчага сотиб олди, деяпсиз. Мен сизга буни аниқ қилиб айтаман, бир тийин тўлагани йўқ. Бир тийин сармоя ётқизгани йўқ. Ўша лойиҳага бир тийин киритгани йўқ. Лекин Ўзбекистоннинг Геология комитети хабарида ўзлари айтганидек, бу кон камида 25 миллионлик лойиҳа.

Бошловчи: Фарҳод, Гулнора Каримова бир тийин сарфламасдан конни қўлга киритди, деб даъво қиляпсиз. Хўш, буни қандай қилиб исбот қиласиз?

Иноғомбоев: Исботи шундаки, мен жўнатган хатда, биз ёзган бундан олдинги Госкомгеология хатида аниқ ёзилган. Гулнора унда фақат ваъдалар берган, худди бошқаларига ўхшаб. Масалан, “Ўздунробита”ни ҳам қўлга киритаётганида бир тийин тўламасдан, фақат ваъдалар берган. Ўша хатида ваъдалар берган мен мана шу-мана шу йилларнинг ичида бунга сармоя қиламан, бу соҳани ривожлантираман, бу ширкатга, бу ташкилотга мен шунақа-шунақа қулайликлар киритаман, деб. Лекин мана мен кетишимдан олдин, апрелда кетган бўлсам Гулнорадан, Тошкентдан умуман, ўша апрелгача, менинг ҳеч бухгалтерия китобларидаям йўқ, бир тийин сармоя қилинмаган. Ўзи лойиҳага ўтган йили, 2002 йил декабрда қўл қўйилган эди. Госкомгеология билан United International Groupнинг меморандумига ўтган йил декабрь ойида қўл қўйилган эди. Буни бориб Госкомгеологиядан ҳам сўрасангизлар бўлади.

Бошловчи: Эслатиб ўтамиз, сиз Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ ижрочи директори Фарҳод Иноғомбоев билан суҳбатни тинглаяпсиз. Ўзбекистон Геология қўмитасидан Ғужумсойдаги олтин кони хусусида баъзи маълумотларни ҳам ўрганишга ҳаракат қилдик. Давлат геология қўмитасининг Олтин бўлими бошлиғи Юрий Парамонов мухбиримизнинг Ғужумсой олтин кони борасидаги саволига шундай жавоб берди.

Парамонов: Ҳозир биз коннинг қуйи қатламида разведка ишларини олиб боряпмиз. Икки юз-уч юз метр ер остида бурғулаш ишларини амалга оширяпмиз. Кон потенциалини аниқлаяпмиз.

Бошловчи: Мухбимизнинг Ғужумсой конида қанча олтин бор, деган саволига Парамонов: “Умуман яхши. Ҳа, потенциал умуман у ерда яхши», деб жавоб берди. Мухбиримизнинг олтин конини бировга бериш механизми тўғрисидаги саволига эса Юрий Парамонов мана бундай жавоб берди.

Парамонов: Республикамизнинг ер ости бойликлари ҳақидаги қонунга кўра, конни ўзлаштириш ҳуқуқининг кимга берилиши Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади. Биз аниқлов ишларини олиб борамиз ва шундан кейин конни эксплуатация қилувчи ташкилотга берамиз. Ўзимиз эксплуатация билан шуғулланмаймиз. Конни кимга бериш масаласи билан Вазирлар Маҳкамаси шуғулланади. Бу борадаги охирги сўзни улар айтади.

Бошловчи: Ўзбекистон Давлат геология қўмитасининг Олтин бўлими бошлиғи Юрий Парамонов фикрлари эди. Тошкентдаги мухбиримиз Ғужумсой олтин конининг кимга берилгани борасида Вазирлар Маҳкамасидан бирор-бир фикр ола олмади. Шу ўринда Ўзбекистондаги олтин қазиб олиш борасидаги баъзи фикрларни келтирсак. Ўзбекистон молия тизимларида ишловчи мутахассисларга кўра, 2000 йилдан бошлаб олтин захираларини бошқариш ва назорат қилиш Ўзбекистон Марказий банкига юклатилган. Бундан олдин назорат Миллий банк тарафидан амалга оширилган. Кланлар ўртасидаги курашлар натижасида олтин назорати Марказий банк қўлига ўтган. Умуман, жаҳондаги кўп мамлакатларда ҳам олтин захиралари назорати Марказий банк тасарруфида. Кузатувчилар Ўзбекистон олтин захирасининг бир қисми Британиянинг “Барклайс банк”, “Ротшилдсзонс”, Швейцариянинг “Ю-Би-Эс”, Америка Қўшма Штатларининг “Чайс Манҳеттен” банкларида сақланишини айтишади. Бу банклардаги ўзбек олтини миқдори сир сақланади. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси Элёр Ғаниев мамлакат экспортининг 40 фоизи олтин ва пахтадан иборат эканини билдирганди. Жаҳон бозорида олтин баҳосининг ўсиши конларни сотишдан кўра маҳсулотнинг ўзини сотиш маъқул эканлигини кўрсатмоқда. Яна Гулнора Каримованинг собиқ ижрочи директори Фарҳод Иноғомбоев сўзларига қулоқ берсак.

Иноғомбоев: Охирги пайтда Гулноранинг номи Ғарбда, кўп жойларда прессага чиқиб, унинг бизнес юритиш усулларини кўплар билди. Шунинг учун кўплар Гулнора билан иш қилишдан чўчиши ҳам мумкин. Ўшанинг учун, я не исключаю того, что Гулнора бу олтин конини ўзи ишлатиб, олтинини ўзи олади. Бунинг учун жуда кўп нарса керак эмас. Менимча у бир субподрядчик олади. Қазиб чиқадиган бир компанияни. Балки ўша Ўзбекистоннинг ичидаги қайсидир компанияларни ҳам олиши мумкин шерикчиликка. Кейин олтин қазиб, уни ўзининг назоратига олиш мумкин.

Бошловчи: Мана шу олтин бизнеси Гулнора Каримованинг бизнесида қанчалик ўрин тутади?

Иноғомбоев: Биласизми, мен буни биринчи ўринда ҳаттоки бунақа бизнес деб кўрмайман. Гулнорада, Гулноранинг оиласида жудаям катта миқдорда нақд пуллар бор. Менимча, ўша пулларини қандайдир бир сақлаб қолиш йўли - биринчи бу тиллага айлантиради, бриллиантларга айлантиради, бориб тош сотиб олади, тез-тез бу иш қилиб турилади Дубайда. Дубайда мен билан ишлайдиган Гулноранинг ҳозирги ишчилари, буни кўплар билади. Қаердан оладиган жойлари, ким сотади уни Дубайда ёки Таиландларда қаердан олади бу нарсаларни – кўплар билишади. Тилла билан шуғулланиш биринчи ўринда бу бизнес учун эмас, ўзининг пулларини... Чунки ҳозир биласиз, агар қўлингизда жуда катта нақд пул бўлса, ҳозир чет элга уни олиб бориб, банкка депозит қилиш жудаям қийин. Уни сиз декларировать қилишингиз керак, унга инвойс беришингиз керак. Чунки улар сўрашади қаердан бунча нақд пул келтирдинг деб. Шунинг учун энг қулай йўлларидан бири - тилла сотиб олиш. Иккинчи тарафдан ҳозир тилла лойиҳасига қизиқиш билдиргани - биринчидан, дунёда ҳозир тилланинг нархи ошиб боряпти. Иккинчидан, кимлардир унга маслаҳат берган мана шуни ҳам қўлингга киритсанг бўлади деб. Кейин бу ёғига Гулнора ўзини тута олмай шу ишни ҳам бошлаб юборган. Агар уни сотиш қўлидан келса, агар Гулнора билан кимдир иш қиламан деса, у менимча, лойиҳани олиб, сотиб юборади неча миллионларга. Сота олмаса ўзи ишлатади.

Бошловчи: Фарҳод, Москвадаги ва Лондондаги тилла дўконлари - сиз суҳбатимиз бошида айтган дўконларнинг роли қандай?

Иноғомбоев: Дўкони Москвада. Лондонда фақат ширкати бор. Компанияси регистрациядан ўтган.

Бошловчи: Мана шу олтин савдосида Москвадаги дўконнинг роли қандай?

Иноғомбоев: Айтганимдек, бундан олдин олган олтинларини, Дубайданми, Таиландданми олган олтинларининг баъзиларидан, юз фоизидан уч қисмини, икки қисмини маҳсулот сифатида Москвадаги дўконига жўнатиб юборади. Дўкон ҳам ўзи катта эмас, кичкина бир жой. Ичида жуда кам маҳсулот қўйилган. Лекин бу асосан, для прикрытия дейдику. Буни ўзбекчасига айтганда, ўша дўконнинг номини ишлатиб туриб, бунинг орқасидан бошқа кўп ишлар қилади.

Бошловчи: Ғужумсойдаги олтин кони Гулнора Каримованинг қўлига ўтди, деяпсиз. Наҳотки, Ўзбекистон мулозимларининг орасида, Каримовнинг атрофида бунга эътироз билдирган кучлар бўлмаса? Шунга дуч келмадингизми?

Иноғомбоев: Мен билардим, кўп расмийлар, катта лавозимдаги расмийлар кўплари норози бўларди. Масалан, «Ўздунробита»ни қўлга киритаётганда Госкомимушество норозилик билдирган. Бундай мисоллар жуда кўп бўлган. Лекин улар қўрқади. Чунки булар норозилик билдириши билан Гулнора ўзининг кучини ишга соларди.

Давоми бор.
XS
SM
MD
LG