Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:35

Ўзбекистонда олий маълумот олиш имконияти камаймоқда


2003-2004 ўқув йилида Ўзбекистон олий ўқув юртларига талабаларнинг 60 фоизи контракт, 40 фоизи давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Бу йил мамлакатда контракт бўйича тўлов миқдори оширилмади. Бу илмга чанқоқ ёшлар учун катта имконият яратган бўлса-да, иқтисодий қийинчилик туфайли кўп ҳолларда ҳамма ҳам бундан фойдалана олмаётир. Натижада аксарият иқтисодий ночор оилаларнинг фарзандлари олий маълумот олишдан маҳрум бўлмоқда.

Сўнгги йилларда контракт асосидаги таълим тизимида жорий этилган айрим тартиб-қоидалар эса талабалар ва уларнинг ота-оналарига қўшимча қийинчиликлар туғдиряпти. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 17 августдаги «Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида»ги қарорига кўра давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида кундузги бўлимда таҳсил олаётган барча талабалар ойлик стипендия билан таъминланадиган бўлди. Бунга қадар шартнома асосида ўқийдиган талабалар йиллик стипендия маблағини ихтиёрий тўларди. Улар фақат ўқиш сарф-харажатларини тўлаб, истаса стипендия олмай ўқиш имкониятига эга эди.

Аммо 2001 йилги қарордан сўнг шартнома асосида ўқийдиган талабаларга ҳам стипендия тўланиши мажбурий қилиб белгиланди. Стипендия бериш эса, қарорга кўра, «тўловлар миқдорига ҳар ойлик стипендия миқдорини албатта киритиш» эвазига таъминланадиган бўлди.

Бир йиллик стипендия суммасини ўқиш харажатларига қўшиб тўлаш кўпчилик оилалар учун оғирлик қила бошлади. Бундан ташқари, таълим муассасаларининг шартнома асосида ўқийдиган талабаларга стипендияни ўз вақтида тўламаслик ҳоллари кузатилди. Чунки мавжуд қоидага мувофиқ талаба ўқув семестри натижаларига кўра фанлар бўйича қарздор бўлиб қолса, навбатдаги ўқув семестрининг биринчи санасидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқини йўқотади. Фақат қарзидан қутулгандан кейингина унга яна қайтиб стипендия тайинланади.

Самарқанд давлат университети доценти Абдулла Қувватов Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори нотўғри қабул қилинганини айтади. Унинг билдиришича, стипендия учун тўланаётган пул оила хусусий мулкининг бир қисмидир. Конституцияга кўра эса хусусий мулк дахлсиз ҳисобланади. Шундай экан, энг эзгу мақсадлар кўзланганда ҳам бундай қарор қабул қилинмаслиги керак эди, деди А.Қувватов.

А.Қувватовнинг фикрича, қарордан кўзланган мақсад талабаларнинг чуқур билим олишини рағбатлантиришдир. Бироқ айни пайтда ўқув юртларида шартнома асосида ўқиётган талабалар аслида рағбатлантираётгани йўқ, дейди у.

Шу ўринда тўлов-контракт асосида ўқийдиган талабадан стипендия пулини мажбурий ундириш Ўзбекистон қонунчилигига, хусусан, Конституцияга мувофиқ келадими, деган савол туғилади. Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаровнинг таъкидлашича, бу кишиларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқининг бузилишидир.

Б.Шоҳназаровнинг айтишича, модомики, талабанинг шахсий маблағи стипендия учун мажбурий тарзда ўқув йили бошидаёқ олинаётган экан, талаба ва билим юрти ўртасида тузиладиган шартномада ушбу тўловларнинг қай тартибда ва қачон, қанча миқдорда тўланиши аниқ кўрсатилиши лозим. Жумладан, талаба имтиҳонларни ўз вақтида топшира олмаса, стипендиясиз қолиши ҳам белгиланиши лозим.

Аммо 2003-2004 ўқув йиллари учун олий ўқув юртлари маркетинг бўлимларига тарқатилган намунавий контракт шартномалари бланкаларида ҳуқуқшунос таъкидлаб ўтган жиҳатларни учратмайсиз.

Эътиборли жиҳати шундаки, на талабалар, на уларнинг ота-оналари тўлов-контракт тизимида ўқув юрти ва талаба ўртасида тузиладиган шартнома хусусида тўлиқ тасаввурга эга эмас.

“Озодлик” мухбири 2003-2004 ўқув йили учун жорий этилган янги қоидалар ва Вазирлар Маҳкамасининг юқорида зикр этилган қарори хусусида Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Молия вазирликларидан фикр олишга ҳаракат қилди. Бироқ улардан маълумот олишнинг иложи бўлмади.
XS
SM
MD
LG