Линклар

logo-print

ГУЛНОРА КАРИМОВАНИНГ ТАДБИРКОРЛИГИ: "ГУЛНОРА ВА COCA COLA" (Учинчи қисм)


Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова.

Фарҳод Иноғомбоев ўзи ишлаган, Гулнора Каримова бошқараётган хусусий корхонадаги муҳит ҳақида ҳам айтиб бердики, бу маълумотлар суҳбатдошимизнинг оиласи ва бошқа яқинлари билан Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетишига изоҳ бўлади.

Иноғомбоев: Гулноранинг, Гулноранинг қўлидаги хавфсизлик хизматларининг биринчи усули сизни яқинларингиз билан қўрқитиш, ота-онангиз билан, яқин қариндошларингиз билан. Чунки неча марталаб бўлган Гулнора ўз тили билан нафақат менга, мен билан бирга ишлайдиганлар ҳаммаси билади, чунки бизларнинг бир мажлис пайтида ҳам шунақа деган: “Эсингларда турсин, ота-оналаринг бор бу ёқда, уйинглар бор бу ёқда, приключения не ищите себе” деган. Ўзингларга бир саргузашт қилиб юрманглар, деган. Бу Гулноранинг энг оддий анақаси, мана шундоқ ушлаб туриши. Ўшанинг учун унинг қўлидан ҳеч ким кета олмайди. Мана, мен бир худо қўллаб оиламни олиб чиқиб кетдим, ота-онамни ҳам олиб чиқиб кетдим, ака-укаларимни ҳам олиб чиқиб кетдим. Бу жудаям қийин нарса, жудаям қийин. Унинг қўлига битта тушдингизми, бўлди, тамом. Кейин агар кетаман, десангиз ё қамоқда бўласиз, энг осон қутулишингиз домашний арест қилиб қўяди. Ўзбекистондан чиқиб ҳеч қаёққа чиқа олмайдиган қилиб қўяди.

Бошловчи: ...дейди Фарҳод Иноғомбоев.

2001 йилнинг кузида, Кока-кола боттлерс Ўзбекистоннинг раҳбарияти ўзгартирилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев (у даврда вазир муовини) АҚШда чиқадиган “Атланта Жорнел” нашрига берган интервьюсида мана бундай деган эди.

“Компаниянинг аввалги раҳбарияти кўплаб ёмон ишлар қилган, солиққа тортиш бўйича қонунларни, савдо-сотиқ қоидаларини, заводда инсон ҳуқуқларини бузган. Бунинг оқибатида ҳам Кока-кола компанияси ҳамда Ўзбекистон ҳукумати зиён кўрган. Ишончимиз комилки, янги раҳбарият барча камчиликларни бартараф этади. Биз Кока-кола боттлерс Ўзбекистоннинг бундан буён ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаслигини кафолатлаш учун барча чораларни кўришга ҳаракат қиламиз,” деган эди “Атланта Жорнел”га берган интервьюсида жаноб Сафоев.

(Кока-кола боттлерс Ўзбекистоннинг бугунги фаолияти тўғрисидаги лавҳа билан бироздан сўнг танишамиз)

Ғарбдаги бир қатор нашрлар эса Ўзбекистон расмийлари Мақсудийлар оиласини Ўзбекистон Республикасига 9 млн доллар миқдорида солиқ тўламаганликда айблаётганлари тўғрисида ёзгандилар.

Шу ўринда Гулнора Каримованинг ноқонуний тадбиркорлиги масаласи куни-кеча АҚШ Конгрессида кўрилгани тўғрисида ҳамкасбим Фарангиз Саид тайёрлаган лавҳадан парча келтиришни лозим топдик.

Ф.Саид: Расмий Тошкент Мақсудийга молиявий фирибгарлик, солиқларни тўламаганлик каби айблар қўйиб, Интерполдан уни қўлга олишда кўмаклашишни сўрагани ёдингизда бўлса керак. АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Элизабет Жоунс бу иш ортида сиёсий сабаблар борлигини таъкидлади: “Ўзбекистон ҳукумати сўрови сиёсий сабабларга асосланиши бизда шубҳа уйғотмайди. Биз бу масалани Ўзбекистон ҳукумати билан муҳокама қилганмиз. Бир ярим ҳафтадан кейин Тошкентга борганимда мен бу масалани яна бир бор кўтармоқчиман.”

Жоунс хонимнинг бу баёнотига сенатор Шейли Беркли муносабат билдирар экан, Мақсудийлар эндиликда АҚШнинг ичида бемалол саёҳат қила олиши, аммо бошқа мамлакатларда улар номлари Интерпол рўйхатида бўлгани боис тазйиққа учраётганларини айтди. Сенатор Беркли, шунингдек, АҚШ ҳукумати хорижий давлатлар билан Мақсудийлар номи Интерпол рўйхатидан олиб ташланиши масаласини муҳокама қилиши зарурлигини урғулади: “Мен давлат департаментида бундай қилишга чақираман. Чунки бу нафақат Ўзбекистон Президенти томонидан ҳокимиятнинг суиистеъмол қилиниши мисоли, бу нафақат сиёсий, балки шахсий масала экани ҳам шубҳасиз”.

Бошловчи: Бу АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Элизабет Жоунс ҳамда сенатор Шелли Берклиларнинг фикридир.

Фарҳод Иноғомбоев ҳам “Озодлик” радиосига берган интервюсида Гулнора Каримова собиқ эри ва қайнотасидан ўч олди, холос, деган фикрни билдириб, мана бундай деди.

Иноғомбоев: Умуман, Мақсудийлар оиласига чиқарилган нималар бўйича, мана қаранг, ўн йилдан бери бирга яшашган, ўша компанияда у ерда ишлаган, неча минг-минг одамларни ишлатган, солиқлар тўлаган. Нимага ўн йил ичида жим юришган агар шунчалик булар жиноятчи бўлса, булар солиқлар тўламаган бўлса. Энди мана ажрашганидан кейин Гулнора буларга босим бошлаганидан кейин нимага энди бундай қилади? Нимага ўн йил ичида халқаро аудитинг компанияларга, ўша мустақил компаниялар, Ўзбекистоннинг солиқ ёки бошқа органлари текшириши у ёқда турсин, мустақил аудитор компаниялари, улар ҳар йили текшириб туриб, ҳар йили отчёт қилиб туриб, годовой эннуал файненшл репорт қилиб туриб, улар ҳеч бир қонунбузарчилик топмасада, қаранг, тасодифан булар ажрашганидан кейин, Мақсудийлар кетганидан кейин, Мақсудийларнинг учта қариндошини қамашганидан кейин, булар чиқиб у ёқда газеталарга нима қилгандан кейин Ўзбекистон ҳукумати буларни энди “йўқ, сизлар жиноятчисизлар” деб айбласа. Агар рост бўлса, ҳақиқат бўлса, мана мустақил тергов, ёки мустақил, индепендент нимани олиб туриб текширсин, бутун дунё билсин ким ҳақ, ким ноҳақ.

Бошловчи: ...дейди Фарҳод Иноғомбоев Гулнора Каримовага қарашли Ривай Холдинг компаниясининг собиқ ижроия директори.

Биз тинглаганингиз - Фарҳод Иноғомбоев билан ўтказилган суҳбатни эфирга тайёрлаш жараёнида иккинчи томон - Гулнора Каримовага ҳам гапириб олиши учун имкон беришга, бунинг учун у киши билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда у киши ишлайдиган Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси орқали боғланишга ҳаракат қилдик.

Бироқ барча ҳаракатларимиз бесамар бўлди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Илҳом Зокиров билан боғланиб, мавзу юзасидан ундан мана бу гапларни эшитдик, деб хабар қилди Тошкентдаги мухбиримиз Жамшид Шомуродов.

Шомуродов: Демак, биз Гулнора Каримованинг бизнеси ҳақида маълумот олиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибига мурожаат қилдик. Котиб жаноблари Илҳом Зокировнинг айтишича, умуман уларнинг вазирлигида у ерда ишлайдиганларнинг бизнеси тўғрисида маълумот йиғилмайди. “Улар фақат на министр, на бухгалтер, на фаррошнинг бизнеси, қанча бойлиги бор – бу тўғрида отдел кадрда ҳеч қандай маълумот бўлмайди. Биз улар қанча ойлик олиши тўғрисида маълумот беришимиз мумкин. Умуман, ҳар қандай одамнинг бизнеси тўғрисида маълумот олиш учун яхшиси солиқ қўмитасига мурожаат қилган маъқул”, деган жавобни айтдилар.

Бошловчи: Тошкентдаги мухбиримиз Жамшид Шомуродов эди.

Шуни айтиб қўймоқчимизки, Каримова хоним собиқ ходими Фарҳод Иноғомбоевнинг айтганлари юзасидан фикр билдириш истагини изҳор этса, унинг фикрларини ёзиб олиш ва сиз тингловчига етказишга тайёрмиз.

Агар Гулнора Каримова собиқ ходими Фарҳод Иноғомбоев билан ўтказилган суҳбатни эшитмай қолган бўлса, унинг тўла матни билан Интернет саҳифамизда танишиши мумкин.

Саҳифамизга кириш эса жуда қулай.

WWW. Ozodlik.оrg

Мана энди боя ваъда қилганимиз лавҳа.

Кока кола боттлерс Ўзбекистон бугун қандай ишлаяпти, деган саволга Тошкентдаги ҳамкоримиз Отабек жавоб излади ва топганлари мана бу гаплар бўлди.

Отабек: Кейинги пайтда Ўзбекистонда бир қанча заводларга эга бўлган Кока-кола компаниясининг маҳаллий маҳсулотлари дўконларда кўринмай қолди. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган озиқ-овқат дўкони сотувчиси Акромжоннинг айтишича, ўтган йилнинг охирларидан бошлаб, у ўз дўконида «Кока-Кола», «Фанта», «Спрайт» каби Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан савдо қилаётгани йўқ. Ҳозир дўконда сотилаётган Кока-Кола компаниясининг маҳсулотлари, асосан, Қозоғистондан келтирилган ичимликлардир. Биз Тошкент шаҳридаги бошқа дўконларда ҳам шундай ҳолатга гувоҳ бўлгач, «Кока-кола ичимлиги Ўзбекистон ЛТД» қўшма корхонасининг бош акциядори бўлган “Ўзозиқовқатсаноат” уюшмасига мурожаат қилдик.

“Ўзозиқовқатсаноат” уюшмасидагилар бизга қуйидагиларни маълум қилишди:
«Кока-кола ичимлиги Ўзбекистон ЛТД» қўшма корхонасининг 57 фоиз акцияси “Ўзозиқовқатсаноат” уюшмасига тегишлидир. Қўшма корхона мазкур йилнинг 9 ойида 6,5 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган. Ҳозир заводлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган концентрат йўқлиги туфайли тўла қувват билан ишламаяпти. Шунинг учун «Бонаква» минерал сувини ишлаб чиқариш билан чекланилмоқда. Жорий йилнинг 1 ноябридан эса бошқа анъанавий чанқовбосди ичимликлар - Кока-кола, Фанта, Спрайт каби маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ҳам киришилади.
Лекин қўшма корхонанинг юридик бўлими тақдим этган маълумотларга кўра эса корхонанинг 1 ноябрдан ишга тушиши унчалик аниқ эмас. Шунингдек, корхона ишчи ва хизматчиларининг аксарияти мажбурий меҳнат таътилида. Агарда завод тўла қувват билан ишга тушиши аниқ бўлганида улар чақиртириб олинар эди. Яна «Кока-кола ичимлиги Ўзбекистон ЛТД» қўшма корхонасидан олган хабаримизга кўра, заводлар фаолиятининг вақтинча тўхтатилганлиги фақат концентратларнинг етишмаятганлиги туфайли эмас. Корхона вакилининг билдиришича, заводлар ишга тушиши кўп томондан баъзи маъмурий масалаларнинг ечилиши қийинлашаётганлиги сабабли чўзилмоқда.
XS
SM
MD
LG