Линклар

Ҳокимнинг ўлиши – халқнинг шўри

  • Садриддин Ашур

Жорий йилнинг 25 сентябрида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими Панжи Чориев номаълум кишилар томонидан ўз уйида отиб кетилганидан кейин қотилликда гумон қилинган юзлаб фуқаро ҳибсга олинди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, «Эзгулик” ташкилотининг Қашқадарё вилояти бўлими раиси Жамила Рўзиеванинг айтишича, ҳокимга суиқасд қилингандан буён тумандан 360 нафардан ортиқ киши қамоққа олинган. Милиция ходимлари кўчада юрган кишиларни ҳам ушлаб, қамоққа тиқиб қўймоқда. Уйлар прокурор санкциясисиз тинтув қилинмоқда.

Ж.Рўзиеванинг таъкидлашича, қамоққа олинган фуқаролар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум этилган. Уларнинг олдига ҳеч ким киритилмаётир.

Ж.Рўзиеванинг сўзларига қараганда, туманда оилавий равишда қамоққа олинганлар бор. Жумладан, Фозил Соҳибовни (1952 йилда туғилган) ўғиллари Фарҳод (1976), Шерзод (1977), Дилшод (1980) билан биргаликда ҳибсга тиқишган.

Яккабоғ туманининг Жайли маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Абдулла Бобоевнинг айтишича, унинг тўрт ўғли ҳам қамоқда экан. Кенжа ўғли Норхўжани 25 октябрь куни кўчадан ушлаб кетишган.

А.Бобоевнинг таъкидлашича, милиция ходимлари гумондорларни қамоққа олиш учун алмисоқдан қолган, лекин синовдан яхши ўтган севимли усулларини қўлламоқда. Яъни айбланувчининг чўнтагидан ё гиёҳванд модда ёки машинасиданми, уйидан қирқма милтиқ топилади.

Ж.Рўзиеванинг фикрича, қонун бўйича иш кўрилганда шунча одам бегуноҳдан бегуноҳ қамоқда азият чекмаган бўларди. Улар орасида милиция ходимлари томонидан калтакланган сўнг шифохоналарга ётқизилганлари ҳам бор, дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Маълумотларга қараганда, П.Чориевнинг қотилини топиш учун айни вақтда Яккабоғда Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари иш олиб бормоқда. ИИВнинг ҳозир Яккабоғда фаолият олиб бораётган масъул ходими Валижон Тошматовнинг айтишича, туманда одамларнинг оммавий равишда қамоққа олингани ҳақиқатдан йироқ. Келтирилган рақам эса (360 дан ортиқ) шу иш бўйича терговга чақирилганлар сони бўлиши мумкин, деди В.Тошматов.

У, шунингдек, оилавий қамоққа олишлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам тасдиқламади.
XS
SM
MD
LG