Линклар

Кундош билан яшаш осон эмас


Саида БМТнинг Болалар ташкилоти - ЮНИСЕФ маълумотларига қараганда, 2001 йилда Ўзбекистонда чақалоқларнинг 11,1 фоизи никоҳсиз туғилган. 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида эса бу кўрсаткич 22,1 фоизни ташкил этган.

Ушбу маълумотда никоҳсиз фарзанд туғилиши Ўзбекистонда бошқа мамлакатларга нисбатан анча камлиги таъкидланади. Шунга қарамай, Ўзбекистондек мусулмончилик ривожланган, оила масаласига жиддий қараладиган давлатда бундай ҳолатнинг сезиларли экани ҳақиқат.

Таҳлилчи Шоҳида Қурбонова 20 ёшгача бўлган аёлларнинг никоҳсиз фарзанд кўриши тўғрисида гапирар экан, бунга ўзбеклар орасида қизларини эрта турмушга бериш одати ҳам сабаб бўлаётганини айтади. Унинг таъкидлашича, қизларнинг шаръий никоҳ орқали турмуш қуриши натижасида туғилган фарзандлар ҳам ҳисоботларда ноқонуний, деб келтирилади. Чунки ёшига етмаган қизлар давлат органидан қонуний равишда рўйхатдан ўта олмайди.

Шунингдек, Ш.Қурбонованинг таъкидлашича, кўпчилик аёлларнинг иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқиши натижасида ҳам никоҳсиз туғилган фарзандлар сони ортмоқда.

Тошкент шаҳри туманларидан бирининг Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўлими ходимаси Дилфуза Ҳусанованинг айтишича, туманда жорий йилнинг тўққиз ойида 209 аёлнинг никоҳсиз равишда фарзанд кўргани қайд этилган.

Ўзбекистонда қиз-жувонларнинг иккинчи хотин сифатида турмушга чиқаётгани тобора кўп учрамоқда. Айримлар бунинг сабаби мамлакатда аёллар сонининг эркакларга нисбатан кўплигида, деб ҳисоблайди. Бошқалар эса уларни ижтимоий-иқтисодий аҳвол шунга мажбур қилаётганини таъкидлайди.

Руҳшунос Сарвара Тўрақулованинг айтишича, унинг қабулига эрининг иккинчи хотин олганидан азият чеккан аёллар ҳам келиб туради.

“Бу аёллар моддий жиҳатдан тўлиқ таъминланган, ўзига кундош пайдо бўлганига кўниккан ҳам. Шунга қарамай, кундоши борлиги уларниг руҳиятига кучли салбий таъсир ўтказади. Баъзида қўшхотинликнинг фожеага сабаб бўлгани ҳам қайд этилмоқда”, - дейди С.Тўрақулова.
XS
SM
MD
LG