Линклар

Гиёҳвандлар сафи кенгайиб бормоқда


Саида Маълумотларга қараганда, Марказий Осиё давлатларида 600 минг гиёҳванд бор. Уларнинг 15 фоизигина даволаниш имкониятига эга.

Гиёҳвандлар сафи кенгайиб бормоқда Саида
Ўзбекистон орқали Европага олиб чиқиб кетилиши мўлжалланган гиёҳванд моддаларнинг маълум қисми мамлакатда қолиб кетади. Бу эса Ўзбекистонда ҳам гиёҳвандлар сонининг тобора ошишига олиб келмоқда, дейди кузатувчилар. Нарколог шифокорлар наркоманиядан даволанган беморларни яна қайта шундай йўлга кирмаслигининг олдини олишни ўзларининг галдаги вазифаси деб билади. Улар бундай беморларнинг ҳаётга мослашувини таъминлаш, психологлар ёрдамида наркотикларга бўлган руҳий қарамликни бутунлай йўқотишга ҳаракат қилади. Нарколог Зафар Отабоевнинг айтишича, наркотикларга руҳий қарамлик узоқ чўзиладиган жараён. Бундай беморлар билан ойлаб, баъзан йиллаб ишлашга тўғри келади, дейди шифокор.

Бундан бир неча йил муқаддам гиёҳвандлик чангалига тушиб қолган, бироқ даволаниш оқибатида яна соғлом ҳаётга қайтган Руслан исмли йигитнинг сўзларига қараганда, бу йўлдан қайтиш осон эмас.

“Гиёҳвандликдан қутулиш учун киши, аввало, ўз ақли ва иродасига таянмоғи керак. Айни шу хислатларгина мени асраб қолди”, дейди Руслан.

Русланнинг айтишича, у наркотик моддани биринчи бор қабул қилганида худди роҳатлангандек бўлган. Кейин эса фақат танада вужудга келган оғриқни қолдириш учунгина наркотик қабул қила бошлаган.

Руслан қамоқхонани ўзининг халоскори ҳисоблайди. Чунки у гиёҳванд моддага пул топиш илинжида 2001 йилда ўғирлик қилган ва қамоқхонага тушган эди. Бу ерда у наркотик сотиб олиб, қабул қилиш имкониятга эга бўлмаган. Озодликка чиққандан кейин эса ирода кучига таяниб, бу йўлдан қайта олди.

“Аммо бунгача севимли оилам, фарзандларимдан айрилдим”, деб афсус чекади Руслан.

Русланнинг фикрича, гиёҳвандларни бу йўлдан қайтариш учун, энг аввало, соғлом муҳит зарур. Акс ҳолда ҳар қанча ҳаракат қилинса ҳам уни бу дўзах чангалидан тортиб олиш мушкул, дейди у.

З.Отабоевнинг айтишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида уч мингга яқин гиёҳванд рўйхатга олинган. Энг ачинарлиси, улар сафи аёллар ва ўсмирлар ҳисобига кенгайиб бормоқда, дейди нарколог шифокор.
XS
SM
MD
LG