Линклар

ЭРМУРОТ БАПИЙ УСТИДАН СУД ИШИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

  • Сарвар Усмон

Кейинги пайтларда Марказий Осиё мамлакатлари ҳокимиятлари мустақил журналистлар ва улар ишлайдиган оммавий ахборот воситаларига босим ўтказишнинг янги йўлидан, бир қарашда қонуний бўлиб кўринадиган йўлидан фойдаланиб келаяптилар.

Гап журналистлар устидан ўтказилаётган судловлар ҳақида бораяпти. Шу кунда Қозоғистонда ўшандай судловлардан бири давом этмоқда. "Сўл Дот" газетасининг Бош муҳаррири Эрмурат Бопий республика Жиноят Кодексининг уч моддаси бўйича айбланмоқда.

Аввало, Эрмурат Бапий муҳаррирлик қилган
"Сўл Дат" газетаси тўғрисида қисқагина маълумот. Газета "Сўл Дат"га айлангунича бир сўз билан -"Дат", деб аталган. "Дат" - қозоқчадан ўзбекчага ўгириладиган бўлса, "арз-дод" иборасидаги "дод" сўзининг ўзи. "Дат" газетаси мустақил газета бўлган. Ҳокимиятга ёқавермайдиган, баъзида эса давлат амалдорларининг муштларини тугишларига, тишларини ғижирлатишларига сабаб бўладиган материалларни босган. Ва охир-оқибат, газета ёпилган.

Шундан сўнг, датчилар газетани қайта рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилади. Улар газетани бу сафар "Сўл Дат", деб номлайди. Газетани рўйхатга олувчи идора ходимларининг қозоқчаси етарли бўлмагани учун, улар янги газета номини русча талаффуз билан ўқиб оладилар. Яъни "Солдат", деб - "Аскар" деган маънода. "Бу Бапий тушмагурнинг эси кириб қолибди. Энди ҳарбий мавзуларда ёзадиган газета чиқарарканда", дейишгандирда...

Воқеа чиндан ҳам шундай бўлганми-йўқми, бугун энди Қозоғистонда ҳеч ким аниқ айта олмайди. Аллақачон латифага айланишга улгурган бу гап.

Латифани эса, ҳар қандай одам, ҳар қандай газета тўғрисидаям айтавермайдилар. Бундай шарафга дохил бўлиш учун чинакамига машҳур бўлиш лозим. "Сўл Дат" газетаси ўшандай машҳур газеталардан биридир. Газета қўрқмади, мамлакат юқори эшелонидагиларнинг порахўрлиги ҳақида, уларнинг коррупция ботқоғига ботиб бораётганлиги тўғрисида ёзди, агар бу иллатга қарши курашилмаса, мамлакат боши берк кўчага кириб қолади, деб огоҳлантирди. Мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг шахсан ўзи ҳам аралашган, деб ҳисобланилаётган ўша машҳур "Қозоқгейт" ҳақидаги материлларни ҳам "Сўл Дат" эълон қилган эди.

"Қозоқгейт" билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар ривожига синчиклаб қаралса, "Сўл Дат" газетаси Бош муҳаррирининг судга тортилиши оддийгина мантиқдан келиб чиқадиган нарса. Чунки, "Қозоқгейт" бўйича бир неча мақола эълон қилган яна бир журналист шу кунда қамоқда ўтирибди. Халқаро ташкилотлар, республикадаги ҳуқуқ ҳимоячилари журналист Сергей Дувановга қўйилган айбга ишонмайдилар. Улар сиёсий ва журналистик фаолияти учун ҳокимият журналистдан ўч олди, деб таъкидлаб келмоқдалар.

Мана энди навбат "Сўл Дат"нинг Бош муҳаррири Эрмурат Бaпийга келганга ўхшайди.

Куни кеча бошланган суд мажлисида Эрмурат Бопий ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмаслиги, устидан ўтказилаётган судловни сиёсий қувғин деб баҳолаши тўғрисида баёнот қилди.

Хўш, нима айби учун судланаяпти журналист?

Маълумотларга қараганда, Эрмурот Бапий бухгалтерлик ҳисоби юритиш қоидаларини бузганликда, солиқ тўлашдан қочганликда, тадбиркорлик билан ғайри қонуний шуғулланганликда айбланмоқда.

Суд мажлисида журналист ўзига қўйилаётган айбловлардан дастлабки иккитасини мутлақо рад этди.

- Мен газетанинг Бош муҳарририман холос, газетанинг муассиси бўлган корхона раҳбари ёки бухгалтери эмасман, - деди Эрмурат Бопий.

Судга берган кўрсатмасида таъкидлашича, уни ғайри қонуний тадбиркорлик билан ҳам айблаб бўлмайди.

- Чунки, - дейди Эрмурат Бапий, - газета ҳозирда муҳожиратда яшаётган собиқ Бош вазир Акежан Кажегелдин тарафдорларидан икки кишининг номига расмийлаштирилган эди. Улар ҳокимиятнинг босими остида муассисликдан воз кечиб юборганлари кейинроқ маълум бўлиб қолди. Шу тариқа мен муассиси йўқ газета чиқарган, яъни ғайри қонуний тадбиркорлик билан шуғулланган шахсга айланиб қолдим.

Эрмурат Бапий устидан бошланган судлов шу кунларда давом этмоқда.

Хўш, журналистни қандай жазо кутмоқда?

Бапийнинг адвокати Мустаҳим Тулеев Озодлик мухбирига берган интервюсида прогноз қилишдан ўзини тийди.

Бироқ, Бопийнинг ўзи судлов бошланиши арафасида, 5 ноябр куни журналистларга берган интервюсида "агар уччала модда бўйича айбдор деб топсалар, бу моддаларда назарда тутилган жазоларни жамлаганда 5 йилга озодликдан маҳрум этилишим мумкин, лекин қонунга кўра, жазонинг бошқа турларини ҳам қўллашлари мумкин, масалан, жарима тўлатишлари, журналистик фаолият билан шуғулланишимни таъқиқлаб қўйишлари мумкин", деган эди.
XS
SM
MD
LG