Линклар

Қамоқдаги журналист мукофотга тавсия қилинди

  • Абдулла Искандар

Қозоғистонлик журналист Сергей Дуванов инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Комиссияси таъсис қилган Лоренцо Натали мукофотига номзод бўлди.

Бу мукофот "Демократия тараққиëти ва инсон ҳуқуқлари муаммоларини ëритишдаги журналистик маҳорат" учун 1992 йилда Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари комиссияси томонидан таъсис қилинганди.

Ҳозир қамоқда жазо муддатини ўтаëтган журналист Сергей Дувановни бу мукофотга "Мусибатдаги журналистлар" ташкилоти тавсия қилди. Ташкилот раҳбари Розлана Таукина гапиради:

"Биз Сергей Дувановнинг уч мақоласини бу мукофотга тавсия қилдик.Булар" Қўзичоқлар жимлиги", "Бошқа чўнтакдаги миллиард"ва " Мен ишонмайман" номли мақолалардир. Мақолаларда кўтарилган марказий муаммо коррупция .Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев шахсий банк ҳисобидаги миллиардлар ҳақида."

Мукофотга тавсия қилинган журналист Сергей Дуванов ўтган йили Қозоғистон маҳкамаси томонидан "балоғатга етмаган қизни зўрлади" деган айб бўйича уч йилга озодликдан маҳкум қилинганди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти комиссияси Дуванов ишини кўриб чиқиб, "жараëн сиëсий ўч олиш амалиëти "деган хулосага келганди.
Дуванов иши халқаро расмий доиралар кун тартибига ҳам чиқди.

АҚШ давлат котибининг меҳнат, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Лорн Крейнер, Сергей Дуванов ишини Қозоғистондаги эркин матбуот аҳволига яққол мисол деб таъкидлайди.

"Бир шаҳс мисолида бутун бошли тимсолни кўришимиз мумкин. Дуванов тазйиқ остидаги жуда кўпларнинг бири."

Тазйиқ остидаги кўпларнинг бири Сергей Дуванов мукофотга номзод бўлганлигини қамоқда эшитди.

Журналистик маҳорат учун бериладиган мукофотга айнан Сергейнинг номзод бўлиши ҳукумат вакилларининг "мақолалар бир тарафлама ëритилган" деган даъвосини пучга чиқарди дейди "Мусибатдаги журналистлар" ташкилоти раҳбари Розлана Таукина.

"Айнан журналистик махорат учун, муаммоларни профессионал ва тўлақонли ëритганлик учун мукофотга номзод бўлиш, фахрланса арзийдиган бир воқеа."

Мукофотга тавсия қилинган мақолалар мазмунига тўхталар экан Розлана жумладан шундай деди:

"Бу мақолаларда Сергей Дуванов Қозоғистон рахбарияти,ҳусусан ички ишлар органларининг Швейцариядаги банкларда Назарбоевга тегишли маблағлар музлатиб қўйилганлигидан хабари йўқлигидан ҳайронлигини ифода қилади. Нега прокуратура иш очмаяпти? Нега халқ Президент ўз чўнтагига тиқаëтган миллионлардан хабар топмаслиги керак? Нега халқ қассобҳонага элтилаëтган қўзичоқлар каби жим ?- деган саволлар қўйилади бу мақолаларда."

Афсуски, деб гапини давом эттиради "Мусибатдаги журналистлар" ташкилоти раҳбари "ҳукумат журналист кўтарган саволларга жавоб бериш ўрнига унинг устидан жиноий иш очди."

Сергаей Дуванов қамоқда ëтган пайтида Маркази Ню-Йоркда жойлашган инсон ҳуқуқлари лигаси мукофотига ҳам сазовор бўлган эди.

Қатор ташкилотлар Сергей Дуванов озод қилинишини талаб қилишмоқда, аммо Қозоғистон маҳкамаси бу талабларни ҳозирга қадар рад этиб келмоқда.

"Юридик ҳимоя воситалари тугаган бўлса бизда ҳали сиëсий таъсир қилиш воситалари бор, бизда ҳали ҳамкасбимизни ҳимоя қилиш, бор ҳақиқатни рўй-рост айтиш имкони бор", - дейди Сергей Дувановни мукофотга тавсия қилган "Мусибатдаги журналистлар" ташкилоти раҳбари Розлана Таукина.
XS
SM
MD
LG