Линклар

Синдоровни ким ўлдирди?


Тўлқин Хабарларга қараганда, яқинда Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидан Қозоғистонга пахта олиб ўтишга уринган 23 ёшли Синдоров ўзбек чегарачилари томонидан уриб ўлдирилган. Айрим манбаларда эса унинг мотоцикль ҳалокати оқибатида ҳаётдан кўз юмгани айтилади.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Жиззахдаги фаоли Абай Бойбўлатовнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, Мирзачўл туманининг “Туркистон” ширкат хўжалигида истиқомат қилувчи қозоқ миллатига мансуб тўрт фуқаро 100-200 килограмм пахтани қўшни мамлакатга олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган. Бироқ улар чегарачилар томонидан қўлга олиниб, шафқатсиз калтакланган. Синдоров эса калтакланиш оқибатида вафот этган.

Бошқа манбаларда эса контрабандачилар “Урал” русумли мотоциклда айланма йўллар орқали чегарани кесиб ўтишга уринганида чегарачилар уларни қувгани, шу вақтда Синдоров мотоцикль ҳалокати натижасида ҳаётдан кўз юмгани таъкидланади.

“Озодлик” мухбири ушбу ҳодиса юзасидан Жиззахдаги ҳарбий прокуратурадан маълумот олишга ҳаракат қилди. Прокуратура ходими Каримов мазкур иш юзасидан тергов олиб борилаётгани, тергов натижалари маълум бўлмай туриб, ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини айтди.

Аммо Абай Бойбўлатов расмий идоралар ҳақиқий аҳволни барибир ошкор этмаслигини тахмин қилди. Унинг айтишича, расмийлар Синдоровнинг ўлими мотоцикль ҳалокати оқибати экани тўғрисида ҳукм чиқариб қўя қолади.
XS
SM
MD
LG