Линклар

Даводан кўра ташхис қиммат


Саида Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда даволашдан кўра ташхис қўйиш қимматга тушади. Бунинг сабаби мамлакатда диагностика хизматининг ўта қимматлигидадир, дейди улар.

Беморлар шифохонага мурожаат қилганида уларни ташхис марказларига жўнатиш Ўзбекистонда жуда кўп кузатиладиган ҳолат. Кўпчилик буни шифокорларнинг ўз касбини яхши билмаслигидан деса, айримлар шифохона ва ташхис марказлари ўртасидаги оғзаки келишув натижаси, деб ҳисоблайди. Яъни беморни ташхис марказига жўнатиб, шифокорлар бундан қандайдир манфаатдор бўлади.

Тошкент шаҳар диагностика маркази директори Равшан Жамоловнинг айтишича, пойтахтдаги барча туманларга беморлар диагностикаси учун ҳар ойда маълум миқдорда ордер ажратилади. Унинг айтишича, барча беморлар ҳам ажратилган ордерлардан фойдаланмаётир.

Шунга қарамай, фуқаролар ташхис қўйиш хизмати ҳақи ҳаддан ташқари қимматлигидан нолийди.

Р.Жамоловнинг таъкидлашича, тиббиётда пуллик хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш Президент фармони билан тасдиқланган Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури асосида олиб борилмоқда.

Таҳлилчилар давлат тасарруфидаги шифохоналар фаолияти бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслигини эътироф этади. Уларнинг сўзларига қараганда, бу шифохоналардаги ташхис ускуналари аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Шу боис, шифохоналардаги бундай шароит шифокор ва мижозлар ўртасида кўплаб келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат суғурта назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Миродил Мирсодиқов мамлакатда тиббий суғурталаш жараёни бошланса, бу борадаги муаммоларнинг барчаси ўз-ўзидан барҳам топади, деб фикр билдирди. Унинг маълум қилишича, ҳозир Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий суғурта тўғрисиги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу қонун 2005 йилда қабул қилиниши режалаштирилган.

М.Мирсодиқовнинг таъкидлашича, тиббий суғурта аҳолига ҳозиргидек кўп маблағ сарфламасдан сифатли даволаниш имкониятини беради.
XS
SM
MD
LG