Линклар

logo-print

Мухолифат вакиллари Ўзбекистоннинг кечаги куни, бугуни ва эртасини муҳокама қилди


Шайбон 10-11 ноябрь кунлари Тошкентда “Ўзбекистон: кеча, бугун, эртага” деб номланган форум ўтказилди. Унинг ишида мухолифатдаги “Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати” партиялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ушбу форумнинг биринчи куни “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг муҳожирликдаги вакили Пўлат Охуновнинг кутилмаган баёноти билан эсда қоладиган бўлди.

“Эрк” ва “Бирлик” ўз вазифасини бажариб бўлди ва улар Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин мамлакатнинг янги сиёсий ҳаётига керак эмас”, деди П.Охунов форумда.

Бирликчининг бу сўзлари кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Хусусан, “Эрк” партияси аъзоси Бахтиёр Исабеков партия ҳали курашда давом этмоғи лозимлигини таъкидлаб, бунга асослар келтирди. Унинг айтишича, мустақилликдан сўнг ҳозир амалда бўлган ҳукуматнинг фақат мақомигина ўзгарган. Мустамлака учун хизмат қилган механизм мустақиллик учун хизмат қила бошлади, деди Б.Исабеков.

Форумнинг иккинчи куни мамлакат президентининг истеъфосини талаб қилиш керакми ёхуд ҳукумат билан конструктив мулоқот ўтказиш лозимми, деган масала юзасидан кескин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Бу масалада иштирокчиларнинг фикри иккига бўлинди.

“Бирлик” вакили партия ҳукумат билан мулоқот олиб бориш позициясини танлашини маълум қилди. Унинг фикрича, Президентни халқ сайлаган, жаҳон ҳамжамияти ҳам уни тан олади. Шунинг учун ушбу ҳукумат билан мулоқотни йўлга қўйиш лозим.

«Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раисаси Васила Иноятова бирликчиларнинг позициясини маъқуллади.

“Эрк” партияси марказий кенгаши аъзоси Отаназар Орипов эса ҳукумат билан мулоқот ўтказиш таклифини танқид қилди.

Эркчиларнинг фикрини «Иқтисодчилар клуби”, “Озод овоз”, “Мазлум” ташкилотлари вакиллари қўллаб-қувватлади.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижрочи директори Аъзам Турғуновнинг фикрича, ўн беш йилдан буён мухолифат билан мулоқотга киришмаган ҳукуматдан энди бу йўлни кутиш тўғри эмас.

Кузатувчилар форумда иштирок этган мухолифат вакилларида якдиллик ва бир ғоя атрофида бирлашишга интилиш кузатилмаётганини қайд этди. Кузатувчиларнинг эътирофича, мухолифатнинг президент истеъфосини қатъий талаб қилаётганлар ва ҳукумат билан конструктив мулоқот ўтказиш тарафдорларига бўлингани уларнинг жиддий куч сифатида мавқеини йўқотиб бораётганидан далолат беради.
XS
SM
MD
LG