Линклар

Марғилонда норозилик намойиши


Зикрилло Ишонч

11 ноябрь куни Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида йирик норозилик намойиши бўлиб ўтди. Хабарларга қараганда, намойишда саккиз юзга яқин фуқаро иштирок этган.

Асосан нафақахўрлар, қария ва ногирон аёллардан иборат бўлган намойишчилар Фарғона-Қиргули автомобиль йўлини икки соат давомида тўсиб қўйди. Улар электр, газ таъминотининг яхшиланиши, нафақа ва ойлик иш ҳақларининг ўз вақтида тўланиши каби талабларни илгари сурди.

Намойишда иштирок этган 70 ёшли онахоннинг айтишича, у уч ойдан буён нафақа олмаган. Бундан ташқари, газ таъминоти ҳам қониқарли аҳволда эмас. Шаҳар газ таъминоти корхонасининг бошлиғи вилоят ҳокими Отабоевнинг куёви бўлгани учун арзимизга ҳеч ким қулоқ солмайди, дейди онахон.

Онахон Олий Мажлис депутати, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовни ҳам танқид қилди. Унинг сўзларига қараганда, Э.Воҳидов депутат бўлиб бирор марта халқнинг муаммолари билан қизиқмаган.

“Агар депутатлар аҳволимизни ўрганиб, Тошкентда ўтирган амалдорларга дардимизни етказмаса, бизга нима керак бундай депутат, бундай шоир”, дейди онахон.

Фарғоналик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоли Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, намойишчилар милиция, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўраб олинган. Ҳокимият вакиллари намойишчиларга муаммоларини ҳал қилишга ваъда берган.

М.Тожибоеванинг «Озодлик” мухбирига маълум қилишича, намойишга чиққанларни Марғилон прокуратураси терговга чақира бошлаган.

Хабарларга қараганда, 11 ноябрь куни Марғилон шаҳри марказидаги “Нурхон” кинотеатри олдида ҳам бир гуруҳ муслима аёл тинч намойиш ўтказган.
XS
SM
MD
LG