Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:10

ХОДОРКОВСКИЙ ҚАМОҚДА ЎТИРАТУРАДИГАН БЎЛДИ


Мана ярим ойдирки, Россия сиёсий-ижтимоий ҳаётига оид мавзуларининг энг муҳими - миллиардер Михаил Ходорковскийнинг ҳибсга олиниши бўлиб қолмоқда. 11 ноябр куни Москва шаҳар суди Ходорковский адвокатларининг шикоят аризасини кўриб чиқди.

Ҳа, гап яна Михаил Ходорковский ҳақида.
Чунки Россиянинг энг йирик миллиардери билан боғлиқ можаро фақат унинг ўзига боғлиқ можаро эмас. Бу можаро Россия сиёсатида йўналиши тобора аниқлашиб бораётган бурилишдан далолатдир.

Бу бурилиш йўналиши тўғрисида кейинги кунларда кўп ва хўб гапирилди. Бироздан сўнг яна бир икки фикр билан танишамиз.

Ҳозир эса, Ходорковский билан боғлиқ можаронинг сўнгги кеча-кундуздаги ривожига тўхталмоқчимиз.

"Новости" ахборот агентлигининг хабар қилишича, Россия Федерацияси Бош прокурори муовини Владимир Колесников Ходорковскийнинг иши тез кунларда судга оширилади, деб баёнот берди. Бу 12 ноябр куни ёйинланган баёнот.

Энди бир кун ортга, 11 ноябрга қайтамиз.

Шу куни Москва шаҳар суди ЮКОС нефт ширкатининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийни суд мажлисигача ҳибсда ушлаб туриш тўғрисида қарор қабул қилди. Гап шундаки, Ходорковскийнинг адвокатлари Михаил Ходорковскийни ҳибсга олиш тўғрисида Москва шаҳар Басманний суди 25 октябр куни чиқарган қарорни бекор қилишни сўраб Москва шаҳар судига шикоят аризаси билан мурожаат қилгандилар. Адвокатлар ўз аризаларида мижози суд мажлисигача озодликда юриб туриш учун гаровга пул қўйиши мумкинлигини билдирганлар. Бироқ Ходорковскийнинг адвокатларидан бири Антон Дрелнинг Озодлик мухбирига билдиришича:

- Суд ҳатто гаровга қўйиладиган пул миқдорини аниқлаб ўтиргани йўқ, чунки бунга ҳожат ҳам йўқ, деб билганга ўхшайди.

Михаил Ходорковскийнинг адвокатлари бундан буён кўрадиган чоралари тўғрисида мана бундай маълумот бердилар:

- Михаил Ходорковскийнинг фикрини эшитганимиздан кейин аввалига Москва шаҳар суди президиумига, кейин Россия Федерацияси Олий Судига, сўнгра, балки Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилишимиз мумкин.

Россиялик миллиардернинг тақдирига мамлакатдаги таниқли сиёсатчилар бефарқ қарамаяптилар. Шикоят аризасини кўриб чиққан Москва шаҳар суди номига "Борис Немцов, Григорий Явлинский, Алексей Мелникларнинг, Давлат Думаси кўплаб депутатларининг шахсий кафoлатномалари, ЮКОС ширкати жамоасининг 3000 кишидан зиёд вакили имзолаган коллектив кафoлатномалари тақдим этилди", - дейди адвокат Дрел. Бироқ, бу ҳужжатлар суд қарорига таъсир кўрсата олмади.

Миллиардер маҳбус учун фақат биргина имтиёз берилди. Суд мажлисини у телевизор орқали ўзи ўтирган камерада томоша қилди.

Михаил Ходорковский Россия Жиноят Кодексининг 7 моддаси бўйича айбланмоқда.

Мана энди Ходорковскийнинг қамоққа олинишига оммавий ахборот воситаларининг муносабати тўғрисида.

"Вашингтон Пост" газетаси муаллифларидан бирининг фикрича, "Россияда КГБ реванши давом этмоқда. КГБнинг собиқ зoбити Владимир Путин 2000 йили ҳокимиятга келганида реванш авж палласида эди. Ўшандан буён Россиянинг оммавий ахборот воситалари ҳокимиятга кўр-кўрона бўйинсунувчи ҳолатга келтирилди. Шу кунда эса, бу воситаларнинг мутлақ кўпчилиги Кремл билан "ош-қатиқ" бўлганлар қўлида. Мухолифат ҳам қонуний асосларда бор. Бироқ уларнинг мавжудлиги ҳаддан зиёд кучайиб кетмагунларича", - деб ёзди "Вашингтон Пост". Газетанинг фикрича, Михаил Ходорковскийнинг асл айби - унинг сиёсатга аралашганидадир.

Йирик капитал вакилларининг қувғин қилиниши туфайли, мутахассисларнинг фикрича, Россиядан пул қочаяпти. Россия Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Олег Вюгин The Financial Times газетасига берган интервюсида шу йил охирига бориб мамлакатдан қарийб 13 миллиард доллар чиқиб кетиши мумкинлигини айтган. Бу рақам 2002 йилги кўрсаткичдан бир ярим баравар кўпдир.

Бироқ, россиялик тили заҳар шарҳловчиларнинг аччиқ алам билан таъкидлашларича, "Россия катта, кгбчиларга қолганиям етади".
XS
SM
MD
LG