Линклар

Жаслиқда карантинми?


Зикрилло Ишонч Хабарларга қараганда, Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбуслар очлик эълон қилгандан сўнг ўтган ойнинг охирларидан бошлаб бу ерда карантин жорий этилган.

Жаслиқда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлардан бирининг онаси айтишича, маҳбуслар қамоқхонадаги қийноқлар ва тазйиқлардан норозилик билдириб, очлик эълон қилган. Шунингдек, улар умумий тартибдаги жазога тортилган бўлса-да, амалда ёпиқ тартибда жазони ўтаётганидан норози бўлган.

Унинг сўзларига қараганда, қамоқхонада карантин авваллари ҳам жорий этилган. Бу бирор байрамдан бир ҳафта олдин, бир ҳафта кейин эълон қилинган. Лекин ҳозиргидек 15-20 кунга чўзилаётган карантин кузатилмаган эди, дейди маҳкумнинг онаси.

Жаслиқда сақланаётган маҳбуслардан бирининг яқини сўзларига қараганда, қамоқхона бошлиғининг ўзи унга бу ерда карантин жорий этилганини айтган ва бундан бошқа танишларини ҳам огоҳлантиришни сўраган. Қамоқхона бошлиғи карантин сабаби маҳбусларнинг айримлари Жаслиқдан бошқа жойга кўчирилаётганида эканини маълум қилган.

“Озодлик” мухбири Жаслиқда ҳақиқатан ҳам карантин жорий этилганми, деган савол билан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси штаб бошлиғи Михаил Гуревичга мурожаат қилди.

У бу ҳақдаги маълумотларни рад этди.

М.Гуревичнинг айтишича, 3 октябрь куни Ўзбекистондаги бир қанча хорижий дипломатик ваколатхоналар ходимлари, жумладан, Италия ва Германия элчилари, Буюк Британия, Франция ва Нидерландия элчихоналари вакиллари келган. Улар Жаслиқда ҳеч қандай карантин жорий этилмаганига амин бўлган.
XS
SM
MD
LG