Линклар

logo-print

Президент Буш Британияга сафар қилмоқда.


Акрам Файзулло АҚШ Президенти Жорж Буш сешанба куни Британияга тўрт кунлик сафарини бошламоқда. Сафари давомида Буш қатор расмий музокаралар ва учрашувлар ўтказиши ва бир неча тадбир-маросимларда қатнашиши режалаштирилган. Буш ва унинг рафиқаси шарафига Британия қироллик саройида катта зиëфат ҳам ташкил этилади.

Шунга қарамай, кўплаб британияликларнинг Ироқ уруши туфайли Бушни совуқ қаршилашлари кутилмоқда. Лондондаги Халқаро алоқалар бўйича тадқиқот маркази таҳлилчиси Жули Смит Бушнинг Британияга сафари яхши пайтга тўғри келмаëтганини айтади:

“Икки мамлакатимиз раҳбарлари ўртасида жуда кучли ўзига хос алоқалар ўрнатилган, бироқ оддий одамлар ўртасидаги алоқаларни ҳам шундай, деб бўлмайди. Менимча, британияликларнинг оддий америкаликларга нисбатан муносабати яхши. Аммо Британияда кўплаб одамлар Ироқдаги кескин вазиятдан хавотир олишмоқда. Шунинг учун ушбу давлат ташрифи яхши пайтга тўғри келмаëтган бўлиши мумкин”, - дейди лондонлик таҳлилчи.

Лондондаги “Таймс“ газетасининг маълум қилишича, шу кунларда Ироқ урушини қўллаб-қувватловчи британияликлар сони 37 фоизга тушган. Ироқда тахмин этилган оммавий қирғин қуроллари топилмагани бунга сабаб бўлиши мумкин. Кўплаб кузатувчиларга кўра, бундай қуроллар уруш учун баҳона бўлганга ўхшайди.

Қўшма Штатлардаги “ПиБиЭс” (PBS) телеканали журналисти Дэвид Фрост Бушнинг Британия сафари арафасида у билан мулоқот ўтказди. Мухбирнинг Бушдан “Сиз Саддам Ҳусайн 45 минут ичида қўллаш мумкин бўлган оммавий қирғин қуролларига эга эканига ишонганмидингиз”, деган саволига Оқ Уй раҳбари шундай жавоб беради:

“Мен уни хавфли шахс деб ҳисоблаганман”, - деди Буш. Мухбир, “Аммо сиз у оммавий қирғин қуролларига эга эканига ишонмадингиз”, деб такрор сўраганида:

“Мен кўп нарсаларга ишондим ва Саддам Ҳусайннинг тахликали эканини биламан”, - деди Буш.

Ироқ урушига қарши кўплаб гуруҳлар АҚШ Президентининг Британия сафари давомида оммавий норозилик намойишларини ўтказишни режалаштирмоқда. Буш намойишчиларнинг террорга қарши уруш олиб борилаëтганини тушунишларига умид билдирди:

“Мен сизнинг урушга қарши эканингизни тушунаман, мен ҳам урушга қаршиман. Аммо намойишчилар 2001 йил 11 сентябр воқеалари мен учун сабоқ бўлганини тушунишларига умид қиламан. Террорчилар Америка Қўшма Штатлари ва эрк севар одамларга қарши уруш эълон қилди. Биз Буюк Британияга ўхшаган яқин дўстларимиз билан биргаликда террорга қарши урушда ғолиб чиқамиз”, - деди Буш.

Маълумотларга кўра, қарийиб юз минг одамнинг Америка Президентига қарши намойишларда қатнашиши кутилмоқда. Тахминан олтмиш минг Британия полициячилари намойишлар ўтказилиши кутилаëтган Лондон кўчаларини назорат қилади. Бироқ Британия полициясини намойишлардан кўра, руй бериши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатлари кўпроқ хавотирга солмоқда. Британия Хавфсизлик Хизмати расмийларига кўра, оммавий намойишлардан террорчилар фойдаланиши мумкин.

Айрим маълумотларга қараганда, Бушнинг Лондон сафари давомида хавфсизлик чораларини кучайтириш масаласи хатто Британия ва Америка хавфсизлик идоралари ўртасида келишмовчиликка сабаб бўлган. АҚШ томони Буш хавфсизлигига асосан Америка вакиллари маъсул бўлишларини талаб қилишган. Аммо Лондон шаҳар ҳокими Кен Ливингстон хавфсизлик маъсулияти Британия Хавфсизлик Хизмати зиммасида бўлишини маълум қилди:

“Биз хавфсизликни таъминлашни яхши уддалай оламиз. Британияда 190 йилдан бери Бош Вазир жонига суиқасд қилингани йўқ”, - деди Кен Ливингстон.

Баъзи кузатувчилар фикрича, норозилик намойишларига қарамай, Бушнинг Британия сафари қисман бўлса-да муваффақиятли бўлиши мумкин. Америка Президенти ўз сафари давомида Ироқ урушида ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан учрашишни ва британиялик ëшлар билан Ироқ истиқболи хусусида мулоқот ўтказишни режалаштирган. Аммо белгиланган тадбирларга қарамай, Бушнинг бу галги Британия сафари олдингиларгидек силлиқ ўтмайдиганга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG