Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:19

Саддам Ҳусайн америкаликларга яна пўпса қилмоқда


Ироқда АҚШ етакчилигидиаги коалиция кучларига қарши ҳужумлар кўлами тобора кенгайиб бораётган бир пайтда Дубайдаги "Ал Арабия" телеканали Саддам Ҳусайнга тегишли, деб таҳмин этилаётган янги аудиомурожаатни ёйинлади. Овоз соҳиби ироқликларни муқаддас Рамазон аёми билан қутлар экан, уларни оккупация кучларига янада фаол қаршилик кўрсатишга чақиради.

Агар янги аудиомурожаатни ҳақиқатан Саддам Ҳусайн қилгани тасдиқанса, бу унинг сентябр ойидан буён ироқликларга йўллаган илк мурожаати бўлади. Эслатиб ўтамиз, икки ой олдинги мурожаатида Ироқнинг собиқ раҳбари оккупация кучларига қарши ҳужумлар ҳақида огоҳлантирган ва бу ҳужумлар оқибатида АҚШ ва у етакчилигидаги қўшинларга жиддий талафотлар етишини айтган эди.

Ҳақиқатан ўтган икки ой ичида Ироқда қоалиция кучларига қаршилик ҳаракати сезиларли кучайди. Бағдоддаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ваколатхоналари олдида қатор портлашлар содир этилди. Сўнгги хафталар мобайнида Ироқда АҚШнинг бир нечта ҳарбий вертолёти уриб туширилди ва мазкур ҳужумлар оқибатида жами 39 Америка ҳарбийси ҳалок бўлди. Май ойида АҚШ раҳбари Жорж Буш уруш тугаганини расман эълон қилганидан бери Ироқда ҳалок бўлган Америка аскарлари сони 200га яқинлашмоқда.

Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири Сергей Данилочкин Саддам Ҳусайнга тегишли деб таҳмин этилаётган янги аудиомурожаат Ироқдаги вазиятга тубдан таъсир қилмаслигини айтса-да, у оддий ироқликлар онги ва кайфиятига маълум даражада таъсир кўрсатишини таъкидлайди.

"Шарқ жамияти ўзига хос ҳусусиятларга эга. Яъни ишончли ахборот етишмаётган пайтда одамлар ҳар хил миш-мишларга ишона бошлайдилар. Улар бу миш-мишли хабарлар нақадар асосли экани билан ҳам қизиқишмайди. Шундай экан янги аудиомурожаат оддий ироқликлар кайфиятига қайсидир маънода таъсир қилиши табиий. Айниқса, Ироқда қуролланган гуруҳлар коалиция кучларига қарши ҳужумларни кучайтирар эканлар, аҳолининг бу каби мурожаатларга ишончи ҳам ортади", - дейди Данилочкин.

Бироқ, АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти раҳбари Пол Бремер Ироқда содир этилаётган ҳужумлар кўлами чекланганига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Якшанба куни АҚШдаги "Fox News" телеканали мухбири билан суҳбатда Бремер коалиция кучларига қарши уюштирилган ҳужумларнинг 95 фоизи мамлакатнинг кичик бир ҳудудида рўй берганини таъкидлади. "Бу ҳужумлар бир ховуч гуруҳлар тарафидан содир этилган ва улар бизнинг Ироқдаги амалиётларимизга стратегик хавф туғдирмайди", - деб айтди АҚШнинг Ироқдаги Маъмурияти раҳбари.

"Ал Арабия" телеканали ёйинлаган аудиомурожаатда Саддам Ҳусайн деб таҳмин этилаётган шахс Бремер раҳбарлигидаги АҚШ маъмурияти билан ҳамкорлик қилаётган Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзоларини хоинлар сифатида таърифлаб, улар эртами-кеч ўлимга маҳкум этилишларини баён этди.

Мазкур аудиомурожатни тарқатган Ал Арабия телеканали мухбирининг "Ройтер" ахборот агентлигига маълум қилишича, аллақандай шахс унга сим қоқиб овозни телефон орқали ёзиб олишни сўраган. Овоз ёзиб олингач мурожаат бир неча дақиқа сўнгра эфирга узатилган.

АҚШ Президенти Жорж Буш бундай аудиомурожаатларни Ироқ собиқ раҳбарияти тарафдорларининг "тарғиботи" дея таърифлади.

"Бу тарғиботдан бошқа нарса эмас. АҚШ кучлари ўз олдиларига қўйган вазифани бажармагунларича Ироқни тарк этмайдилар. Бу ойдек равшан. Озод ва осойишта Ироқнинг вужудга келиши тарихий воқеа бўлади. Мен аминманки Саддам Ҳусайн бизнинг Ироқдан кетишимизни хоҳламоқда, агар аудиомурожаат ҳақиқатдан уники бўлса", - деди Буш.

Мутахассислар "Ал Арабия" ёйинлаган аудиомурожаат соҳибининг сўзлаш услуби Саддам Ҳусайнникига жуда ўхшаш эканини айтишмоқда. Улар Сентябр ойида ҳавога узатилган мурожаат Саддам Ҳусайнга тегишли деган хулосага келган эдилар.
XS
SM
MD
LG