Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:28

Тошкент кўчаларидаги дайди болалар


Саида Илгари Тошкент кўчаларида дайди болалар онда-сонда учрарди. Бироқ сўнгги йилларда уларнинг сони тобора ортмоқда. Бугун дайди болаларни бозорларда, автобус бекатларида, чорраҳаларда, метро вагонларида учратиш мумкин.

Маҳаллий кузатувчилар бунинг сабабини мамлакатда иқтисодий аҳволнинг тобора оғирлашиб бораётганида кўрмоқда. Баҳодир Чиғатойнинг айтишича, у Чирчиқда, Тошкентда ва бошқа жойларда ота-оналар болаларини ташлаб, қочиб кетганига гувоҳ бўлган. Кузатувчининг сўзларига қараганда, баъзи кишилар кўча-куйда қаровсиз қолиб кетган ўсмир болалар ва қизлардан ўз ҳирсини қондиришда ҳам фойдаланмоқда.

“Менинг исмим Рита, дейди дайди қизалоқлардан бири. Тошкентга Тўйтепадан келганман. Отам юрак хасталигига чалинган. Онам кўп жойда ишлаб кўрди. Бироқ ҳеч қаердан муқим иш топа олмади. Тиламчилик қилиб, кунига 2-3 минг ишлайманда, уйга олиб бораман. 4 нафар укамнинг ейиш-ичиши менинг топиш-тутишимга боғлиқ”.

Саша эса беш йилдан буён меҳрибонлик уйида тарбияланар экан. Ҳозир у ерда яшашни истамайди. Сашанинг айтишича, меҳрибонлик уйидаги ёши катта болалар уни кўп хафа қиларкан. Тиламчилик қилиб топган пулидан холасига ҳам ёрдам бериб турар экан.

Худойберди исмли бола ҳали етти ёшга ҳам тўлмаган. У ўгай отасининг онасини, ўзини калтаклашидан безиб, кўча болаларига қўшилган. Энди уйига қайтгиси йўқ. Худойберди уйларнинг ертўлаларида, подьездларда тунаб қолар экан.

Тошкентдаги “Меҳр” болалар таянч маркази дайди болаларнинг ижтимоий аҳволини ўрганади. Марказ уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига бироз бўлса-да, ёрдам кўрсатадиган ташкилот. Марказ бошлиғи Даврон Маҳмудовнинг таъкидлашича, дайди болаларнинг кўплари турли йўллар билан қўшни мамлакатлардан келиб қолган. Марказ ходимлари замонавий “Гаврош”ларни кўчалардан топиб келади. Уларнинг ижтимоий аҳволи ҳақида маълумот тўплангач, ота-оналарига қайтариш ёки меҳрибонлик уйларига жойлаштиришда кўмак кўрсатилади.

Д.Маҳмудовнинг айтишича, дайди болалар марказга олиб келингач, моддий кўмак жамғармалари томонидан берилган озиқ-овқат, кейим-кечак билан таъминланади. Марказда тунаб қолиш учун шароит йўқлиги туфайли улар кўп ҳолларда яна кўчага қўйиб юборилади.

Д.Маҳмудов марказда дайди болалар тунаши учун жой ҳозирлаш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.

Мутахассислар вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни назорат қилиш борасида мамлакат миқёсида бир қанча амалий ишлар бажарилаётганини айтади.

Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бош бошқармаси ходимининг сўзларига қараганда, айни пайтда “Ўсмир” тадбири ўтказилмоқда. Бу тадбирдан мақсад тиланчи, дайди болаларни ота-оналарига қайтариш ва маҳаллаларда муҳокама қилиш экан.

Маълумотларга қараганда, Тошкент шаҳридаги болалар колонияси тарбияланувчиларининг асосий қисмини 12 ёшдан 16 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Уларнинг аксарияти ўғирлик содир этган.
XS
SM
MD
LG