Линклар

Журналистдан суд ҳукмини бажаришни сўрашмоқда


Фирдавс 2003 йил 23 майда Косон тумани жиноят ишлари бўйича суди журналист Олим Тошевни 2 йиллик муддатга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган шартли жазога ҳукм этган, шунингдек, унинг ҳисобидан жабрланувчи Манзура Хидирова ва давлатга етказилган 282 минг 411 сўм миқдоридаги моддий зарарни қоплаш ҳақида қарор чиқарганди.

Ушбу иш апелляция тартибида кўрилгандан сўнг шартли жазо муддати бир йилга қисқартирилган, аммо зарарни қоплаш ҳақидаги қарор ўз кучида қолганди.

Олим Тошев шу давр ичида ҳеч қаердан иш топа олмагани боис моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги суд ҳукми ижро этилмай келаётган эди.

Хабарларга қараганда, яқиндан бошлаб Қарши шаҳар суди ижро департаменти ходимлари суд қарорини ижро этишга киришган.

О.Тошев суд ижрочилари қарорни бажариш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўяётганини таъкидламоқда. Жумладан, О.Тошевнинг айтишича, суд ижрочиси Самад Намозов ижрони мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорни кўрсатмасдан туриб, унинг уйидаги жиҳозларни хатлаган. Шунингдек, етказилган зарарни беш кун ичида қопламаса, бу жиҳозларни сотувга қўйишини билдирган.

О.Тошевнинг адвокати Бахтиёр Шоҳназаровнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг суд ва бошқа органлар қарорларини ижро этиш тўғрисидаги қонуни 52-моддасига кўра, ижро фуқаронинг оила аъзолари нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган турар-жой, уй жиҳозлари, кийим-кечаклар ва бошқаларга қаратилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, суд ижрочиси ижрони мол-мулкка қаратишни зарур деб топадиган бўлса, бу ҳақда тегишли қарор чиқарилиши ва мазкур ҳужжат билан жавобгар шахсни таништириши керак.

Маълумотларга қараганда, шу пайтга қадар ишсиз юрган Олим Тошев яқинда Қарши шаҳри ҳокимлиги нашри бўлган “Насаф” газетасига ишга қабул қилинган.

Адвокатнинг айтишича, келтирилган зарарни қоплаш учун О.Тошевнинг ойлигидан 20 фоиздан ушлаб қолиниши керак. Суд ижрочилари Олим Тошевнинг ишга жойлашганидан ҳам бехабар қолган. Акс ҳолда улар қонуний йўл тутган бўлар эди, дейди Б.Шоҳназаров.
XS
SM
MD
LG