Линклар

logo-print

Ногирон нуронийнинг ҳасратлари


Зикрилло Ишонч Сўнгги вақтларда нуронийлар, биринчидан, нафақа пулининг камлигидан, иккинчидан, шу арзимас маблағнинг ҳам ўз вақтида берилмаётганидан кўпроқ шикоят қилмоқда.

“Озодлик” мухбири Миробод тумани 41-уй 37-хонадонда истиқомат қилувчи 71 ёшли Низомиддин Мавлонов муборак рамазон ойида ўз уйида бир неча кундан бери оч ётганидан хабар топиб, отахонникига борди.

Отахон биринчи гуруҳ ногирони экан. Сталин қатағонлари йилларида ота-онаси “халқ душмани” сифатида отиб ташланган. Ўзи 18 йил давомида болалар уйида тарбияланган. Россияда водород бомбаси ишлаб чиқариладиган заводда меҳнат қилган. Шу сабабли кўплаб касалликлар орттирган. 13 марта тиббий жарроҳлик столига ётқизилган.

“Нафақа пулини ололмаганим сабабли олти кундан буён оч ўтирибман, дейди Н.Мавлонов. Бир килограмм макароним бор эди. Уни еб тугатдим. Тўплаб қўйган қотган нонларни ҳам қайнатиб, юмшатиб едим. Одатда бир ҳафтада бир марта иссиқ овқат ейман. У ҳам бўлса, макарон ва бир дона пиёздан иборат”.

Отахоннинг сўзларига қараганда, нафақасининг 13 минг сўми коммунал хизматлар учун тўловга кетади. Маълум қисмига эса зарурий дори-дармон сотиб олади.

“Тирикчилигим учун нафақамнинг 8 минг сўми қолади, холос, дея ҳасрат қилади қария. Шу арзимас нафақани ҳам 15-20 кун, баъзан бир ой кечикиб беришяпти”.

Отахон ёрдам сўраб, туман ҳокимлигига борган экан

“Бироқ бу ерда мени одам ўрнида кўришмади. Муборак рамазон ойи бўлишига қарамай, ҳақоратлаб ҳайдашди”, - дейди Н.Мавлонов.

Ҳокимнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Намоз Рўзиқулов Н.Мавлоновнинг аччиқ қисматидан ўзининг бехабар эканини маълум қилди. Бироқ у бундай оғир аҳволда қолганларга ёрдам кўрсатиш имкониятлари мавжудлигини айтди. Н.Рўзиқуловнинг сўзларига қараганда, бундайларга маҳалла, туман ижтимоий таъминот бўлими, “Нуроний” жамғармаси томонидан ёрдам кўрсатиш мумкин экан.
XS
SM
MD
LG