Линклар

Ўзбекистонда 650 минг киши қандли диабетга чалинган


Тўлқин Мутахассисларнинг эътироф этишича, сўнгги вақтларда жаҳонда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам қандли диабет касаллиги билан оғриганлар сони ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда диабет касаллиги кўпайганига сабабни мутахассислар иқтисодий қийинчиликлар, экологиянинг ёмонлашуви, шу билан бирга, диагностиканинг ривожланиши туфайли касалликни аниқлаш имконияти ортганида кўради. Уларнинг таъкидлашича, диабетни келтириб чиқарувчи асосий омиллар, биринчи навбатда, асабийлашиш, семизлик, экология, турмуш оғирлиги, холестеринга бой озиқ-овқатларни кўп истеъмол қилишдир.

Эндокринолог шифокор Камола Сафоеванинг расмий маълумотларга таяниб айтишича, ҳозир Ўзбекистон аҳолисининг 2 фоизи ёки 650 минг нафари диабетга чалинган.

Бироқ кузатувчилар бу рақамлар мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни очиқ кўрсатмаслигини таъкидлайди. Уларнинг сўзларига қараганда, диабет билан оғриганлар сони 2 миллион кишига етади.

К.Сафоева қандли диабет нафақат тиббий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам хавфли касалликка айланганини айтади. Унинг сўзларига қараганда, беморга 3-5 йил давомида етарли даражада тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ногирон бўлиб қолади.

Шифокор Гавҳар Азимованинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда қандли диабет касаллигининг ёшараётганини, яъни унинг ёшлар ўртасида ҳам кенг тарқалаётганини кузатиш мумкин.

Маълумотларга кўра, дунёда қандли диабет ўлимни ёшартирувчи касалликлар рўйхатида учинчи ўринда туради.

Кўплаб мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бу касалликка чалинганларга давлат томонидан бепул дори-дармон ажратиш, бепул тиббий кўрикдан ўтказиш жорий этилган. Аммо ўн йилдан буён диабетдан азият чекаётган бемор бу борада талай муаммолар борлигини айтади. Унинг айтишича, охирги марта поликлиника орқали бепул дорини 1-2 йил олдин олган.

Кузатувчиларнинг эътироф этишича, диабетикларни назорат қилиш шаҳарларда бирмунча яхши йўлга қўйилган. Аммо қишлоқларда бепул дори-дармон ажратиш тиббий ёрдам кўрсатиш аҳволи талабга мутлақо жавоб бермайди.

К.Сафоеванинг айтишича, бу борадаги биринчи муаммо инсулин етишмаслиги, иккинчиси, диабетга чалинганларнинг белгиланган даражада овқатланиш имконияти йўқлигидир.

К.Сафоеванинг таъкидлашича, тиббиёт қандли диабет билан оғриганларни бутунлай даволашга ҳозирча қодир эмас. Аммо уларнинг соғлом одамлар сингари яшаши учун зарурий тиббий воситалар мавжуд.
XS
SM
MD
LG