Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:37

Хоразмдаги заҳарли моддалар қабристонлари аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда


Расмий маълумотларга қараганда, Хоразмда радиoактив ва заҳарли моддалар билан боғлиқ ишлаб чиқариш корхоналари йўқ. Бироқ вилоятнинг Тупроққалъа ва Янгиариқ туманидаги “Оқмасжид” ширкат хўжалиги ҳудудларида шундай моддалар сақланадиган икки қабристон мавжуд.

Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси маълумотларига қараганда, мазкур қабристонлар хавфсизлиги етарли даражада таъминланмагани боис аҳоли саломатлигига жиддий хавф пайдо бўлган.

Қўмитанинг ер ресурслари инспекцияси бош мутахассиси Бердибой Собировнинг айтишича, Янгиариқ туманидаги заҳарли моддалар қабристони ўтган асрнинг 70-йилларида тегишли органларнинг рухсатисиз, лойиҳа ҳужжатларисиз ўзбошимчалик билан қурилган. Бу ерда собиқ Иттифоқ даврида пахта чигитини ивитишда ишлатилган ўта хавфли кимёвий моддалар очиқ сақланади. Қабристондан тўрт юз метр узоқликда коллектор ўтган. Заҳарли модданинг сувга тушиши ёки шамол таъсирида яқин аҳоли пунктларига тарқалиш хавфи жуда катта.

Қабристонга энг яқин аҳоли пункти Чиқирчи қишлоғидаги Улуғбек маҳалласидир. Маҳалла аҳлининг айтишича, кун иссиқ вақтларда шамол турса, бутун атрофни заҳарли моддалар ҳиди босиб кетади.

Бу ҳудудда аҳоли ўртасида сил, жигар яллиғланиши, сурункали гепатит, ошқозон фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ касалликлар сезиларли даражада кўпайгани ҳужжатларда қайд этилган. Уларга кўра, 2002 йилнинг 5 ойи мобайнида қабристонга яқин қишлоқларда 20 киши саратон касаллигидан вафот этган. Улар орасида ўсмир ёшдагилар ҳам бор.

Улуғбек қишлоқ врачлик пункти мудири Аматжон Ҳайитов “Озодлик” мухбирига ҳақиқатан ҳам касалликлар кўпайганини, бироқ буни қабристон билан боғлашга унда асос йўқлигини айтди. Б.Собиров эса бу ҳақдаги маълумотлар вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида мавжудлигини билдирди.

Айрим хабарларга қараганда, заҳарли дорили алюминий идишлар ковлаб олиниб, улардан қозон, човгум, қошиқ сингари рўзғор буюмлари ясалиб, аҳолига сотилгани фактлари кузатилган.

Б.Собировнинг айтишича, 1999 йилда қабристон устини беркитиш учун бу ерга 50 минг тонна тупроқ тўкилган. Бироқ тўкилган тупроқ ҳам заҳарланган экан. Чунки у илгари заҳарли кимёвий моддалар сақланган омборлар ўрнидан олинган.

2003 йил март ойида Вазирлар Маҳкамаси топшириғи асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили қабристондаги аҳволни ўрганган. Шу асосда тайёрланган хулосада қабристоннинг тўрт гектарлик майдонига унумдор тупроқ тўкиш тавсия этилган.

Тупроққалъадаги заҳарли моддалар қабристонидаги аҳвол Янгиариқдагидан бироз яхшироқ. Лекин, Б.Собировнинг айтишича, уни шу тахлитда қолдириш мумкин эмас. Чунки бу ерга кўмилган заҳарли моддалар ўз ҳолатини ўзгартириб, янада хавфлироқ тус олиш хусусиятига эга.

Хоразм вилояти кенгашининг 2002 йил 24 июлдаги қарорига кўра, ушбу қабристонларни зарарсизлантириш ишлари 2003 йил охирига қадар амалга оширилиши керак. Лекин бу борадаги ишлар ҳали ҳам бошлагани йўқ.
XS
SM
MD
LG