Линклар

235-модда. Қандай эди, қандай бўлди?

  • Садриддин Ашур

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра Жиноят кодексининг 235-моддаси янги таҳрирда қабул қилинди.

Янги таҳрирда ушбу модда шундай кўриниш олади: “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш». Яъни унга кўра, агар терговчи, прокурор ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг, жазони ижро этиш муасссасининг ходими фуқарога нисбатан қийноқлар қўлласа, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилади ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Агар у бу ҳолатни такроран содир этса, 5 йилгача, баданга оғир шикаст етказса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чекунова 235-модданинг янги таҳрири баёнида деярли ўзгариш йўқлигини айтади.

“Биз қийноқларни қўллаган шахслар учун жазо чораси кучайтирилишидан умид қилгандик. Лекин моддага фақат “қийноқлар” сўзи қўшилган, холос”, дейди у.

“Демократик ташаббуслар” маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг айтишича, гап аслида қонунлар механизмининг ишламаётганидадир. И.Худойбергановнинг таъкидлашича, БМТнинг қийноқлар масалалари бўйича махсус вакили Тео ван Бовен Тошкентга келиб кетгандан сўнг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази унинг тавсиялари асосида махсус режа ишлаб чиққан. “Биз бу режа билан танишганимизда ундан мақсад мамлакатда қийноқларга чек қўйиш эмас, балки халқаро ҳамжамият фикрини чалғитиш эканига амин бўлдик”, дейди у.

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров 235-модданинг янги таҳриридаги бир банди мантиқсиздек туюлишини айтади. Унинг билдиришича, модданинг 2-қисми “Г” банди қийноқлар ва тазйиқлар ўтказган ходим ушбу жиноятни такроран содир этса, қаттиқроқ жазоланишини назарда тутади. Ходим биринчи марта жиноят содир этгандан сўнг қўшимча жазо сифатида у мана шундай вазифада ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак, дейди ҳуқуқшунос.
XS
SM
MD
LG