Линклар

logo-print

ЎЙНАШМАГИН АРБОБ БИЛАН...

  • Сарвар Усмон

Қозоғистонда чиқадиган "Сўл Дот" мустақил газетаси Бош муҳаррири Эрмурот Бопий устидан суд жараёни давом этаётгани тўғрисида аввал хабар берган эдик.

17 ноябр куни Олмаота шаҳар Медеу туман суди судяси журналист устидан чиқарган ҳукмини эълон қилди.

Эрмурат Бапий Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича айбланаётгани тўғрисида аввал айтган эдик.

Медеу туман суди судяси Канат Сирлибоев ўқиб эшиттирган ҳукмдан маълум бўладики, Эрмурат Бапий зиммасидан ғайриқонуний тадбиркорлик билан шуғулланганлик айби олиб ташланган. Бироқ, у бухгалтерлик ҳисоби юритиш қоидаларини бузганликда ва ташкилотидан солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган.

Жазонинг кўриниши эса бундай: "шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум қилинсин, 9 миллион 839 минг танга (66 479 доллар) миқдорида солиқ бўйича қарзни тўласин, 140 долларга тенг ақчани жарима сифатида тўласин, 5 йил давомида журналистика билан шуғулланиши таъқиқлаб қўйилсин".

Қозоғистондаги "Одил сўз" халқаро жамғармасининг маълум қилишича, журналистик фаолият билан шуғулланишни таъқиқлаш тўғрисидаги ҳукм бу республикада биринчи бор чиқарилишидир.

"Агар суд чиқарган ҳукм мазмунига яхшилаб эътибор берилса, унда мантиқ борлигига шубҳа пайдо бўлади, - дейди америкалик марказийосиёшунос журналист Брюс Паниер, - aхир, Эрмурат Бапий Жиноят кодексининг молиявий жиноятларни назарда тутувчи моддалари бўйича айбландику, бас, шундай экан, нима учун унинг журналистика билан шуғулланишини таъқиқлаб қўйиш лозим?"

- Эрмурот Бапий Қозоғистонда жуда машҳур одам. Уни жуда кўп судладилар. Ҳокимият ҳар доим унинг журналистик фаолиятини тўхтатишга ҳаракат қилиб келди. Менимча, у охир-оқибат бу муаммони ҳал қилганга ўхшайди, - дейди журналист Брюс Паниер.

Хўш, Бапийга нисбатан қўлланилган жазо халқаро ҳуқуқ меъёрларига қанчалик мос келади?

Бу саволга Брус Паниер: "Бу журналистга қарши чиқарилган жуда ажабтовур қарордир. Дунёдаги бир неча мамлакатдагина, балки уч, балки тўртта давлатдагина шундай ҳукм чиқарилганини биламан. Масалан, Зимбабведа шундай бўлган. Қирғизистонда ҳам олти йил муқаддам бир марта шундай ҳукм чиқарилган. Бироқ, Ғарб давлатларида, хусусан, АҚШда бирон марта ҳам бундай қарор қабул қилинган эмас", - деб жавоб берди.

Қозоғистонлик кузатувчилар аксариятининг фикрича, Эрмурат Бапий устидан ўтказилган суднинг асл сабаби молиявий эмас, сиёсийдир.

Қозоғистоннинг Республикачилар халқ партияси матбуот хизмати тарқатган маълумотномада Эрмурат Бапий айбсизлигини исботловчи барча зарур ҳужжатларни тергов пайтидаёқ тегишли органларга тақдим этгани билдирилади, "бироқ шунга қарамай, суд Бапийни айбдор, деб топди", дейилади маълумотномада

Республика халқ партияси ижроия қўмитаси раиси Амиржан Қўсановга кўра, Эрмурот Бапийга қўйилган барча айбловлар асоссиздир.

Журналистнинг ҳимоячилари - адвокат Мустахим Тулеев ва "Мусибатдаги журналистлар" ижтимоий жамғармаси президенти Розлана Таукина тарқатган маълумотномадан мана буларни ўқиш мумкин:

"Эрмурот Бапийга нисбатан жиноий ишларнинг қўзғатилиши Қозоғистон президенти маслаҳатчиси Гиффеннинг ҳибсга олиниши билан бевосита боғлиқдир. Гиффенни 30 апрел куни Нью-Йорк аэропортида қўлга оладилар. 2 май куни эса "Сўл Дот" газетаси бу воқеа юзасидан Ғарб матбуоти ёзганларини ҳамда АҚШ Адлия вазирлигининг Гиффенга нисбатан чиқарган айбловини босади. Айблов хулосасида, жумладан, Гиффеннинг ишига Қозоғистоннинг олий мартабали расмийлари -Нурсултон Назарбаев ва Нурлан Балғимбаевларнинг алоқаси борлиги айтилган. Орадан 4 кун ўтибоқ, 6 май куни биринчи жиноий иш, сўнгра яна икки жиноий иш қўзғатилади", дейилади Эрмурот Бапий ҳимоячилари тарқатган маълумотномада.

Айтилганлардан келиб чиқиб, маълумотнома муаллифлари Эрмурот Бапийга қарши жиноий ишлар қўзғатилишига асосий ва ягона сабаб сиёсийдир, деган хулосага келганлар.
XS
SM
MD
LG