Линклар

logo-print

Ўзбекистон қишлоқларида ўртача ёш шаҳардагидан кўра кам


Тўлқин Аҳолишуносликда жамиятда кекса кишилар сонининг кўпайиши ва туғилишнинг камайиши аҳолининг қариши ҳисобланиб, унга жамиятдаги салбий ҳолат сифатида қаралади. Бу муаммо ривожланган мамлакатларнинг кўпчилигига хос. Мутахассислар Ўзбекистонда туғилиш кўплиги боис бундай муаммо йўқлигини айтади.

Хўш, бу ҳолат мамлакатда ўртача умр давомийлигига боғлиқ эмасми? Мантиқан олиб қаралганда, аҳоли ўртасида ўлимни ёшартирувчи касалликлар кўп ёки камлиги, уларни даволаш шарт-шароитлари, экология, турмуш даражаси ва бошқа омиллар умр давомийлиги ҳақида қисман маълумот беради.

Бу хусусдаги давлат статистикасига тўхталишдан олдин Ўзбекистондаги ўлим ҳолатлари хусусида шифокорларнинг кузатишларини келтириб ўтсак.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўпгина касалликларнинг ёшариши ўлимнинг ёшаришига олиб келувчи омиллардан ҳисобланади. Шифокор Гавҳар Азимованинг айтишича, унинг кузатишлари мамлакатда ўлим бироз ёшарганини кўрсатган.

Яна бир шифокор Камола Сафоеванинг сўзларига қараганда, илгари инсульт билан касалланиш, асосан, 60 ёшдан ошганлар ўртасида кузатилган бўлса, бугунги кунда 35-40 ёшдагилар орасида ҳам инсультга чалинаётган кўп. Худди шу ҳолатни онкология касалликларида ҳам кўриш мумкин.

Қашқадарё вилоятидаги 8 мингга яқин аҳолига эга қишлоқда яшовчи ҳамширанинг айтишича, сўнгги вақтларда бу ерда ўлим кўпроқ ёшлар ўртасида содир бўлмоқда. Қишлоқда олтмишдан ошганлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо етмишдан ошганлар сафи сийракроқ.

Ҳамшира қишлоқда ёшлар ўртасида жигар, ошқозон-ичак яраси, саратон касалликлари кўплаб кузатилаётганини таъкидлади.

Демограф олима Равза Муртазинанинг айтишича, Давлат статистика қўмитаси маълумотларида 1999 йилда Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги аёлларда 73,1, эркакларда 68,2 ёш бўлгани кўрсатилган.

Унинг сўзларига қараганда, ушбу рақамлар қўмита томонидан охирги бор 2001 йилда чоп этилган “Ўзбекистон аҳолиси" тўпламидан олинган.

Ушбу тўпламда шаҳарда аёлларнинг ўртача умр давомийлиги 74,2 ёш, эркакларники 69,1 ёш экани кўрсатилган. Қишлоқларда эса аёллар ўртача 71,6, эркаклар 66,9 йил яшар экан. Кўриниб турибдики, шаҳарликларнинг ўртача ёши қишлоқдагилардан кўра бирмунча баланд

Р.Муртазинанинг билдиришича, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тақдим этган маълумотда мамлакатдаги ўртача ёш кўрсаткичлари расмий статистикага нисбатан пастроқлиги айтилган.
XS
SM
MD
LG