Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:50

Ўзбекистон фармацевтика бозорида қалбаки дорилар кўпаймоқда


Саида Маълумотларга қараганда, бугунги кунда жаҳон фармацевтика бозорининг 10 фоизини қалбаки дорилар эгалаган. Ўзбекистонда ҳам бундай дорилар салмоғи ошиб бормоқда.

Бу ҳолат мамлакатдаги мутахассисларни хавотирга солаётир. Чунки, уларнинг айтишича, қалбаки дорилар беморни даволашда кутилган натижани бермайди. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида турли аллергик касалликларнинг кўпайиб бораётганига ҳам айнан шу дорилар сабабчи.

Қалбаки ва сифатсиз дориларнинг баҳоси арзонлиги боис фуқаролар айнан уларни харид қилишга ҳаракат қилмоқда. Кузатувчилар бу ҳолни аҳолининг асосий қисми қалбаки дорилар ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигида, деб билмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қалбаки дорилар мамлакатга кўп ҳолларда ноқонуний тарзда кириб келиб, чайқов бозорларида сотувга чиқарилади. Норасмий манбалар эса бундай дорилар хусусий дорихоналарда ҳам сотилаётгани кузатилаётганидан огоҳ этади.

Таҳлилчи Гавҳар Ортиқованинг фикрича, дори сотишда ҳозирча давлат монополиясидан воз кечмаслик керак эди. Чунки, дейди у, хусусий дорихоналарда мутахассис-провизорлар етишмайди, борлари ҳам хусусий мулк эгасининг йўриғи асосида ишлайди. Агар хўжайин қалбаки дорини сотишни буюрса, у қаршилик қила олмайди.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбоут марказидан олинган маълумотларга қараганда, яқинда ўтказилган рейд давомида “Тошкент” темир йўл вокзалида ноқонуний равишда олиб келинган умумий қиймати 10 миллион сўмлик “Нестатин” дориси ушлаб қолинган. Лаборатория таҳлиллари бу дорининг қалбаки эканини кўрсатган.

Мазкур қўмита матбуот маркази раҳбари Абдумўмин Тилововнинг айтишича, жорий йилнинг 10 ойи давомида мамлакатга ноқонуний равишда олиб келинган 75 минг долларлик дори мусодара қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дорилар ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси ҳузуридаги Дориларни экспертизадан ўтказиш ва стандартлаш давлат маркази директори Азиз Дўстматовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга қалбаки ва сифатсиз дорилар кириб келишининг олдини олиш кўп жиҳатдан аҳолининг ўзига боғлиқ. Мижоз дори сотиб олаётганда, албатта, ушбу дорининг сифат сертификатини сўраши керак. Бундай сертификатга эга бўлмаган дори эса қалбаки ёки сифатсиздир.
XS
SM
MD
LG