Линклар

Ўзбекистон АҚШнинг илтимосини рад этди

  • Барно Анвар

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ҳукумати АҚШ Давлат департаментининг ўзбекистонлик мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Руслан Шариповни авф этиш тўғрисидаги илтимосини рад этган.

Эслатиб ўтамиз, Р.Шарипов ўсмирлар билан жинсий алоқада бўлганлик айби асосида жорий йилнинг август ойида 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Кейинроқ бу жазо муддати 4 йилга туширилганди.

Аксарият мустақил кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Р.Шарипов иши аслида сиёсий буюртма эканини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, Русланнинг қамалишига унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борган фаолияти сабаб бўлган.

Таъкидлаш керакки, 10 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон расмийлари ва АҚШ давлат котибининг демократия, инсон ва меҳнат ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрдамчиси Лорн Крейнер иштирокида бўлиб ўтган матбуот йиғинида ҳам Руслан Шарипов масаласига тўхталиб ўтилганди. Унда Л.Крейнер Р.Шарипов, албатта, амнистия қилиниши керак, деган фикрни айтганди.

У, шунингдек: “Шахсан мен Р.Шариповга қўйилган айбловлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмайман. Бироқ Ўзбекистон суд тизими Ғарбда юксак ишончга эга эмас. Шунинг учун ҳам биз ўзаро ҳамкорлик дастурида Ўзбекистон суд ва ҳуқуқ-тартибот тизими вакиллари билан ҳам иш олиб бормоқчимиз”, деган эди.

Ушбу йиғинда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев Р.Шариповнинг айби тўла тасдиқланганини билдирганди. Унинг айтишича: “Р.Шариповнинг ўсмирлар билан жинсий муносабатда бўлганини тасдиқловчи далиллар етарли. Тиббий экспертиза хулосалари ҳам айбловларни тўла тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари, унинг икки адвокати ишнинг барча жиҳатлари билан тўлиқ таниш эди. Суднинг ёпиқ тарзда ўтказилишига келсак, қонунга мувофиқ бундай жиноятларга доир суд жараёнлари ёпиқ ҳолда ўтказилиши керак”.

Жорий йилнинг ноябрь ойи бошларида хорижий журналистлардан бири ҳозирда Товоқсой қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Руслан Шариповдан интервью олишга муваффақ бўлди. Таъкидлаш керак, бу Руслан Шарипов қамоққа олингандан буён расман рухсат берилган илк интервьюдир. Суҳбат қамоқҳона бошлиғи Мирмаҳмуд Миразимов иштирокида ўтказилган.

Ушбу суҳбатда Р.Шарипов барча айбларни қийноқ остида бўйнига олганини тасдиқлайди. Унинг айтишича, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ертўласида бошига противогаз кийдириб, кислород йўлини тўсиб қўйишган. Вена томирига укол қилиб, кейинги сафар шу тарзда ОИТС касалини юқтиришлари мумкинлигини айтишган.

Р.Шариповнинг таъкидлашича, ҳозир қамоқда унга нисбатан яхши муносабатда бўлишмоқда. Аммо у яна қийноқлар қўлланилиши эҳтимоли ўзига тинчлик бермаётганини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати эса Р.Шариповга нисбатан қийноқлар қўлланилганини мунтазам рад этиб келмоқда.

Конституция куни муносабати билан ҳар йили декабрь ойида Ўзбекистонда амнистия эълон қилиниши анъана тусига кирган. Бироқ кузатувчилар Р.Шариповнинг бу йилги кутилаётган амнистия бўйича озодликка чиқарилишидан умид йўқлигини айтаётир.
XS
SM
MD
LG