Линклар

Яна бир бор бозор ҳақида


19 ноябрь куни “Freedom house” халқаро ташкилотининг Намангандаги ресурс марказида истеъмолчилар ҳуқуқлари мавзусида баҳс-мунозара ўтказилиши керак эди. Бироқ тадбир Вазирлар Маҳкамасининг сўнгги вақтларда қабул қилинган бир қанча қарорлари тадбиркорлар аҳволига қандай таъсир кўрсатгани ҳақидаги мунозарага айланиб кетди.

Мунозарада қатнашган Наманган давлат университетининг доценти, иқтисод фанлари номзоди Аъзам Аҳмедов ҳукуматнинг тадбиркорлар ва бозор ҳақида қабул қилган қарорлари тўғри бўлганини исботлашга уринди. Унинг айтишича, мамлакат иқтисодиётининг бақувват эмаслиги сабабли тадбиркорларга кенг эркинлик берилса, бозорлар сифатсиз маҳсулотлар билан тўлиб кетади.

Учқўрғон туманидаги “Яхши ният” фермер хўжалиги раҳбари Қодиржон Адашевнинг фикрича, фермерликнинг гуллаб-яшнаши учун ер майдонининг катта-кичиклиги кўп ҳам муҳим эмас. Ҳамма гап одамлар қалбининг бўғилганида. Озодлик, озод фикр йўқлигида.

Мунозарада иштирок этган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолларининг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг бозор фаолиятини тартибга солиш ҳақидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида солиқ хизмати вакилларининг бозорларга бехосдан келиб, тадбиркорларнинг хусусий мулки бўлган товарларини тортиб олиб қўйиши одатий тус солган.

“Озодлик” мухбири Намангандаги “Чорсу” бозоридаги тадбиркорлар билан суҳбатда бу гаплар тўғри эканига амин бўлди. Савдогарлардан бирининг сўзларига қараганда, солиқчилар унинг барча товарларини олиб қўйиб, ҳалигача қайтариб бермаган.

Доцент А.Аҳмедов ҳукумат қарорларининг бажарилишига криминал тузилмалар халақит бераётганини таъкидлади. Шунингдек, у кичик ва ўрта бизнес вакилларининг қонунларни билмаслигини рўкач қилди.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Муҳаммадали Қорабоев фикрича, асосий муаммо бунда эмас. Ҳукумат кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланишига тўсиқ бўлмаслиги керак.

Унинг айтишича, қашшоқ халқ ҳукуматнинг бундай қарорларига куч билан қаршилик қила бошлаган. Бу келажакда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, деди М.Қорабоев.
XS
SM
MD
LG