Линклар

Туркиянинг террорчилар нишонига айлангани ҳақидаги айрим фикр-мулоҳазалар.

  • Ҳасанжон

Туркия Ал-Қайда каби террор гуруҳлари фаолияти учун у қадар қулай мамлакат эмас, чунки у анъанавий маънодаги мусулмон давлати ҳисобланмайди. Айни пайтда, мамлакат Туркия Исроил билан ҳарбий ва иқтисодий алоқалар ўрнатган. Кўплаб кузатувчилар фикрича, шунинг ўзиёқ Туркиянинг террорчилар нишонига айланиши учун кифоядир.

Жума куни Истанбулда бўлиб ўтган матбуот конференциясида сўзлаган Туркия Ташқи Ишлар вазири Абдулла Гул рўй берган ходисалар сабабларини шундай изоҳлади: “Биз мамлакатда демократияни ривожлантиряпмиз. Биз мусулмон мамлакати демократик, шаффоф ва инсон ҳуқуқлари Ҳурмат қилинган давлат бўла олишини исботлашга ҳаракат қиляпмиз. Биз мусулмон давлати ҳозирги замонга ҳамоҳанг эканини исботлашга ҳаракат қиляпмиз. Балки бу кимларнингдир ғашига тегаётгандир“, - дейди Туркия Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул.

Ғарб кузатувчилари ҳам бу фикрга қўшиладилар. АҚШ Давлат Департаменти ва Мудофаа вазирлигининг разведка масалалари бўйича собиқ тахлилчиси Энтони Кордсменга кўра, Туркия аҳолисининг аксари мусулмон бўлган давлат бўлганига қарамай, у жангарилар ҳужумидан ҳимояланмаган. Вашингтондаги Стратегик Тадқиқотлар Маркази тахлилчиси бўлган Кордсменга кўра, Саудия Арабистони, Марокаш, Индонезия сўнгра Туркияда бомба ҳужумлари уюштирилгани, ҳозирда Мусулмон дунёсида фуқаролар урушига ўхшаш кураш бошланганини кўрсатади. Бу урушни ўз мамлакатлари эркинлашуви ва ғарблашишига қарши бўлган Усама Бин Ладен гуруҳи ва унга алоқадор бошқа жангари гуруҳлар эълон қилган. Тахлилчига кўра, жангари исломий гуруҳлар Туркиянинг Исроил билан ўрнатган яқин алоқаларига Араб дунёсига нисбатан ҳиёнат сифатида қарайдилар.

Яна бир америкалик тахлилчи Леон Фуерт ҳам шу фикрга қўшилади. У Туркиянинг Исроил билан алоқалари террорчилар диққатини ўзига тортиш учун етарли эканини айтади: “Туркия Исроил билан яқин алоқалар ўрнатган. Шунинг ўзиёқ ҳар иккисини террорлар учун нишонга айлантириши мумкин. 15 ноябрда Истанбулдаги синагогаларга қарши уюштирилган бомба ҳужумларига алоқадор гуруҳларнинг камида бири Хизболлаҳ ташкилоти билан боғлиқ экани маълум бўляпти“, - дейди америкалик тахлилчи.

Туркия полициясига кўра, 15 ноябрдаги бомба ҳужумини анча вақтдан бери Исроилга қарши кураш олиб бораётган Ливандаги Хизболлаҳ ва ал-Қайдага алоқадор икки худкуш амалга оширган.

Тахлилчи Кордсмен фикрича, агар террор ҳаракатлари Марокаш, Саудия Арабистони сўнгра Туркияда ҳужумлари уюштирилгани инобатга олинса, бир кун келиб террорчилар улар назарида, Ислом ақидаларига тўлиқ амал қилмайдиган ва Ғарбга тарафдор мусулмон давлатларда ҳам ҳужумлар уюштириши мумкин. Шу боис, Кордсменга кўра, АҚШ Президенти Жорж Буш ва унинг маъмурияти аъзолари Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатларида ҳам террор ҳаракатлари кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Тахлилчи Фуертга кўра, рақиб диний ғояларга асосланиши боис унга қарши армия ёрдамида курашиб бўлмайди. Бу гуруҳлар маҳфий равишда иш олиб боришлари учун уларни қурол ёрдамида йўқ қилиб бўлмайди. Фуерт фикрича, мана шундай душманга рўпара келинганида тинчликка эришишнинг ягона йўли, террор гуруҳларини сўнгги аъзосигача тугатишдир. Айни пайтда, америкалик тахлилчи ҳукуматлар бу ишлар баҳонасида ўз халқи эркинликларини чекламаслиги лозим. Акс ҳолда, дейди у, террорчилар ғалаба қозониши мумкин.
XS
SM
MD
LG