Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 22:29

Қийноқларга қарши биргаликда курашиш лозим


20 ноябрь куни “Freedom house” ташкилотининг Намангандаги ресурс марказида “Фуқароларнинг қийноқларга қарши коалицияси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси масъул ходими Суҳроб Исмоилов шу мавзуда маъруза қилиб, Ўзбекистонда халқаро жамоатчиликнинг таъсири остида қийноқлар бироз камайган бўлса-да, ҳамон амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Ҳукумат қийноқларга қарши турли ўқув машғулотлари ўтказиш билан чекланмоқда. Лекин амалий иш қилингани йўқ”, деди С.Исмоилов.

Унинг таъкидлашича, БМТнинг қийноқлар масалалари бўйича махсус вакили Тео ван Бовен таклифи асосида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 235-моддасига (Кўрсатма беришга мажбур қилиш) ўзгартиришлар киритилган. Аммо бу ўзгариш кутилганидек бўлмаган.

Давра суҳбатида иштирок этган диндорлар, оддий фуқаролар, ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистондаги қийноқларга аниқ мисоллар келтирди.

Наманганлик Эминжон Абдураҳмоновнинг айтишича, унинг икки ўғли 159-моддага (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш) асосан ҳар бири 17 йилга озодликдан маҳрум этилган. Президентдан узр сўрамагани учун улар Қорақалпоғистондаги жазони ўташ муассасасига жўнатиб юборилган. Уларни жазо изоляторига тиқишаркан, бошидан иссиқ сув қўяркан, дейди Э.Абдураҳмонов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилшод Тиллахўжаевнинг сўзларига қараганда, яқинда Баҳром Расулов исмли фуқаро ҳибсга олиниб, қаттиқ қийноқларга тутилган. Тергов ходимлари сўроқ пайтида уни калтаклаб, тишларини тўкиб олган.

С.Исмоилов қийноқлар муаммосига омма эътиборини жалб қилиш зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, барча нодавлат ташкилотлари бирлашиб, бу муаммони ечишда ҳукуматга таъсир этиши лозим.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳам Фуқаролик ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактга қўшилган. Ушбу пакт асосида мамлакат фуқаролари миллий ҳуқуқ-тартибот органларининг қониқарсиз қароридан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари халқаро қўмитасига мурожаат қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG