Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:41

Журналист 11 йилга қамалди


Тўлқин 20 ноябрь куни Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича суди журналист Шоҳназар Ёрматовни 11 йилга озодликдан маҳрум этди. Хабарларга қараганда, суд жараёнларида журналист ўзига қўйилган барча айбларни рад этган.

Ш.Ёрматов “Мулкдор” газетаси ва “Давр” ахборот дастурининг Хоразмдаги собиқ мухбиридир.

Унинг айтишича, ўз чиқишларида Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаларида бир қанча муаммоларни таҳлил қилган, қишлоқ хўжалиги соҳасида юз берган қонунбузарликлар ҳақида материаллар берган. Шундан сўнг у маҳаллий амалдорларга ёқмай қолган. Натижада 1999 йилда журналист порахўрликда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ бу муддат кейинчалик анча қисқартирилган. 2003 йил 24 январда эса Ш.Ёрматов шартли равишда озодликка чиқарилган. У ўзи доимий рўйхатда турадиган Тошкент шаҳри Ҳамза туманига келиб, иш ҳақининг 30 фоизини давлатга тўлаш мажбурияти билан ишга жойлашган.

Журналист “Озодлик” мухбири билан жорий йилнинг 25 август куни бўлиб ўтган суҳбатда 10 август куни ишхонасидан оғзаки рухсат олиб, Хоразмга келгани, шу сафар давомида ўзига нисбатан яна тазйиқлар уюштирилаётганини маълум қилган эди. Ш.Ёрматовнинг билдиришича, ўз автомобилида кетаётганида унга нотаниш одамлар ҳужум қилиб, калтаклаган. Кейин эса автомобилидан гиёҳванд модда топилганини айтишган. Маълум бўлишича, бу одамлар Хоразм вилояти ички ишлар бош бошқармаси жиноят-қидирув бўлими ходимлари Рустам Бобожонов ва Азамат Авезов экан.

Ш.Ёрматовнинг таъкидлашича, ўшанда Қўшкўпир тумани прокурори меҳнат таътилида бўлгани боис ишни Янгиариқ тумани прокурори кўриб чиққан ва журналистни айбсиз топиб, қўйиб юборишган. Журналист ўзига нисбатан тазйиқлар шу билан тугамаганидан хавотир билдирганди.

Унинг хавотири асосли экани бугунга келиб ойдинлашди. 20 ноябрь куни Хоразм вилояти судида ўқилган ҳукмда, судда иштирок этган кузатувчиларнинг айтишича, айнан гиёҳванд модда воқеаси етакчи ўрин тутган. Ҳукмда, шунингдек, Ш.Ёрматов товламачилик қилгани, жазони ўташ ҳудудини тарк этиб, Хоразмга келгани қайд этилган.

Кузатувчиларнинг айтишича, судда Ш.Ёрматов ўзига қўйилган айбларни рад этган. У айблар айнан журналистик фаолияти учун тўқиб чиқарилганини таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG